Давлат тилининг мақоми қонунда акс этади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, Конституциямизнинг 4-моддасида Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тили экани белгиланган. Бироқ ҳуқуқни қўллаш амалиётида давлат тилини татбиқ этиш билан боғлиқ муносабатларда айрим камчиликлар кузатилмоқда. “Давлат тили ҳақида”ги қонунда эса унинг амалга оширилишини таъминлайдиган, бу соҳада ягона давлат сиёсатини олиб борувчи махсус давлат органи ва унинг ҳуқуқий мақоми билан боғлиқ масалалар умуман ёритиб берилмаган. Давлат хизматчиларига нисбатан давлат тилини билишга оид талабларнинг белгиланмагани ҳам ушбу қонуннинг амалда самарасиз ишлашига олиб келмоқда.
Шундан келиб чиқиб, “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг тўғридан-тўғри татбиқ этилишини таъминлаш мақсадида мазкур ҳужжатнинг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Хўш, қонун лойиҳасида қандай нормалар акс этмоқда?
Қайд этилишича, унда давлат тилини ривожлантириш соҳасидаги сиёсатнинг асосий йўналишлари, Вазирлар Маҳкамаси, давлат органлари ва ташкилотларининг бу борадаги ваколатлари назарда тутиляпти. Ушбу ваколатларнинг қонун даражасида мустаҳкамланиши барча соҳаларда қонун қатъий амал қилиши, ўзбек тилининг адабий тил меъёрларига риоя этилишига хизмат қилади.
Шу билан бирга, давлат органлари ва ташкилотлари, таълим, маданият, ноширлик соҳалари фаолияти ҳамда оммавий ахборот воситалари, географик объектлар номлари, фуқаролар исмлари, муҳр, тамға ва кўргазмали маълумотлар, халқаро муносабатларда давлат тилининг қўлланилиши акс этмоқда. Бу ўзбек тили билан боғлиқ тарихий-маънавий меросимизни асраб, келгуси авлодларга етказилишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Бундан ташқари, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назорати кўзда тутилаётгани баробарида мазкур қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик ҳам белгиланяпти.
Депутатларнинг таъкидлашича, мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши давлат тилининг ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида қўлланилишига, унинг ривожланиши ва оммалашувига катта туртки беради.
Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.
ЎзА