Давлат тилини тўғри қўллаш ҳар соҳада муҳим
“Ўзархив” агентлиги томонидан “Соҳада маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва давлат тили қонунчилигига риоя этилишининг ҳолати, истиқболдаги режалар” мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Матбуот анжумани олдидан Президентимизнинг фармон ва қарорларида белгиланган тарғибот технологияларидан фойдаланган ҳолда мавзуга доир архив ҳужжатларининг кўргазмаси ташкил этилди.
Шундан сўнг, агентлик тизимида маънавий-маърифий ишларнинг самарадорлиги, давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатларини тизимда қўллаш ҳолати ва келгусидаги режалар тўғрисида ахборот берилди.

Унга кўра, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва давлат тили қонунчилигига риоя этилишининг 7 та устувор вазифалари белгиланган. Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 26 мартдаги "Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ агентлик томонидан 2 та "Йўл харитаси", 3 та назорат режаси, 2 та чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган.
“Йўл харитаси”га мувофиқ жорий йил 1 сентябрь ҳолатига жами агентлик томонидан маънавий-маърифий йўналишда 7 та конференция, 14 та семинар, 9 та давра суҳбатлари, 15 та турли мавзуларга оид маънавий тадбирлар, 6 та спорт тадбирлари, 8 та учрашувлар ташкил этилди.
Ҳудудларда “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” Давлат дастури мазмун-моҳиятидан келиб чиқадиган “Улуғлар улуғлайди ватанни” 49 та маънавий-маърифий табдирлар ташкил этилди. Режа тузилиб, Республика маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021-2022 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси”да белгиланган вазифаларнинг изчил бажарилишида агентлик томонидан “Жадид намояндаларининг бой маънавий меросини ўрганиш” мавзусида 2021 йилда 2 та, 2022 йилда 2 та, ҳудудларда “Қатағон қурбонларининг маънавий меросини ўрганиш” мавзусида 14 та туркум тадбирлар, семинарлар ташкил этилган.

Архив иши соҳаси ходимларини маънавий рағбатлантириш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2020 йилда “Ўзархив” агентлигининг “Соҳа ифтихори” кўкрак нишони таъсис этилди. Бугунги кунга қадар 39 нафар архивчилар мазкур идоравий мукофот билан тақдирланган.
Яқин шарқдаги Ал-Ақсо масжиди кутубхонасида Имом ал-Бухорий ва Исо ат-Термизий нодир қўлёзмаларининг 43 та қўлёзма асарлари электрон нусхалари Ўзбекистонга олиб келиниб, давлат сақловига қабул қилинган.
2020 — 2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси асосида архив иши соҳасида давлат тили сиёсатининг устуворликлари белгилаб олинган.
Шу кунга қадар тил сиёсатини такомиллаштириш бўйича агентликнинг 17 та чора-тадбирлари, 2 та услубий қўлланма, 1 та услубий тавсиялари, 5 та Назорат-режаси ишлаб чиқилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА