Давлат тиббиёт муассасаларига лизенция бериш орқали назорат тизими жорий этилади
“Тиббиёт соҳасида кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Унга кўра, давлат тиббиёт муассасаларига лицензия бериш орқали уларда лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш тизими жорий этилади.
Бунда қуйидаги муддатларда лицензия олиниши мажбурий этиб белгиланди:
– республика даражасидаги давлат тиббиёт муассасалари – 2027 йил 1 апрелга қадар;
– ҳудудий даражадаги давлат тиббиёт муассасалари – 2028 йил якунига қадар;
– туман (шаҳар) даражасидаги давлат тиббиёт муассасалари – 2030 йил якунига қадар.
Шунингдек, 2028 йил 1 апрелдан бошлаб Давлат тиббий суғуртаси жамғармасига миллий ёки Соғлиқни сақлашда сифат бўйича халқаро жамияти (ISQua) томонидан аккредитациядан ўтказилган ташкилотларнинг аккредитациясидан ўтмаган республика даражасидаги давлат тиббиёт муассасалари ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари билан тиббий хизматлар хариди бўйича шартнома тузиш тақиқланади.
Халқаро аккредитациядан ўтган тиббиёт ташкилотлари аккредитация жараёнлари (ташқи баҳолаш ва ўтказилган инспекция натижалари) тўғрисидаги маълумотларни киритиб боради.
Миллий ёки халқаро аккредитациядан ўтган тиббиёт ташкилоти лицензиясининг амал қилиш муддати миллий ёки халқаро аккредитациянинг амал қилиш муддатига мос равишда лицензияловчи орган томонидан автоматик тарзда узайтирилади.
ЎзА
-0-