Давлат тиббий суғуртаси тизимининг афзалликлари
Навоий шаҳар тиббиёт бирлашмасида Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда Ўзбекистон журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида “Давлат тиббий суғуртаси тизимининг афзалликлари” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда жамғарма ахборот хизмати раҳбари Сайёра Шоева, жамғарманинг вилоят ҳудудий бўлинмаси бошлиғи Ойбек Норқулов давлат тиббий суғуртаси тизими, унинг афзалликлари ва амалий натижалари ҳақида батафсил маълумот беришди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда юртимизда аҳолига сифатли ва тенг имкониятли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида давлат тиббий суғуртаси тизими босқичма-босқич жорий этилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 сентябрдаги “Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги ижроси доирасида Навоий вилоятида ҳам 2025 йил 1 июлдан бошлаб тиббий суғурта механизмлари босқичма-босқич жорий этилиб, аҳолига кафолатланган пакет доирасида тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилмоқда.
– Бугунги кунга қадар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан Навоий вилоятидаги 185 та тиббиёт муассасаси билан шартномалар тузилган, – дейди С.Шоева. – Улар таркибига 14 та республика даражасидаги тиббиёт муассасаси, 9 та туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаси ҳамда улар таркибидаги 128 та бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаси, Президентнинг 2025 йил 19 майдаги “Республикада соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали соҳани ислоҳ қилишни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида тажриба-синов лойиҳаси доирасида Хатирчи туманидаги 1 та туман марказий шифохонаси ва 33 та оилавий поликлиника киради. Бугунги кунда Навоий вилояти аҳолисининг 1 миллион 85 минг 361 нафари, яъни аҳолининг 98,1 фоизи “D-Med” электрон тизимига бириктирилган. Тизим доирасида фуқаролар ва тиббиёт муассасалари ўртасидаги ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларни белгилайдиган битимларни расмийлаштириш ишлари ҳам амалга оширилмоқда.
Давлат тиббий суғуртаси доирасида кафолатланган пакетга киритилган тиббий хизматлардан фойдаланишда оилавий шифокорга мурожаат қилиш асосий тамойиллардан бири ҳисобланади.
Шошилинч ва тез тиббий ёрдам ҳолатларидан ташқари, фуқаро, аввало, оилавий шифокорга мурожаат қилади. Зарур ҳолларда оилавий шифокор даволаш ва ташхислаш стандартларига мувофиқ беморни тор соҳа мутахассисига ёки шифохонага йўлланма билан юборади. Бу механизм тиббий хизматларнинг манзилли ташкил этилиши, беморни зарур мутахассисга ўз вақтида йўналтириш ҳамда тиббий ёрдам сифатини оширишга хизмат қилади.
Маълумотларга кўра, 2026 йилнинг 8 ойи давомида Навоий вилояти аҳолисидан республика даражасидаги тиббиёт муассасаларида 127 минг 794 нафар бемор даволанган. Уларнинг 118 минг 609 нафари бюджет маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам олган. Бюджет ҳисобидан даволанган беморларнинг 66,3 фоизи йўлланма асосида, 31,6 фоизи эса шошилинч тартибда даволанган.
Ҳозирда Навоий вилоятида ҳам аҳолини зарур дори воситалари билан таъминлаш мақсадида рембурсация дастури ҳам амалга оширилмоқда.
Дастур доирасида шифокор томонидан расмийлаштирилган электрон рецепт асосида беморлар кафолатланган пакетга киритилган дори воситаларини дастурга жалб қилинган дорихоналардан бепул олиш имкониятига эга.
– Навоий вилоятида ҳам давлат тиббий суғуртаси механизмларининг жорий этилиши натижасида тиббий хизматларни харид қилиш, аҳолини бирламчи тиббий ёрдам билан қамраб олиш, йўлланма асосида ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатиш ҳамда дори воситалари билан таъминлашнинг янги механизмлари босқичма-босқич амалиётга татбиқ этилмоқда, – дейди О.Норқулов. – Жорий йилнинг 8 ойи давомида 322 746 та электрон рецепт реализация қилинган. Ушбу рецептлар бўйича берилган дори воситалари қиймати 12 миллиард 927,3 миллион сўмни ташкил этган. Айни пайтда вилоятда дастурга жалб қилинган дорихоналар томонидан беморларга тегишли дори воситалари бепул берилиб, уларнинг харажатлари Жамғарма томонидан қоплаб берилмоқда.
[gallery-31614]
Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари тизимнинг аҳолига ижтимоий ҳимоя яратишдаги ўрни, тиббий хизмат сифатини оширишдаги аҳамияти ва бошқа бир қатор саволларга атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат),
ЎзА мухбирлари