Давлат рамзлари доимо эътибор ва эъзозимизда
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва 10 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинганлигининг 29 йиллиги муносабати билан «Конституция – бахтимиз қомусии!» шиори остида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Эрта тонгдан университет «Талаба ФМ» радиосида Бош қомусимизга бағишланган дастур эшиттиришлари олиб борилди. Университет бош майдони атрофида талаба-ёшлар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида викторина сўровлари уюштирилди. Викторина савол-жавобларида фаол иштирок этган талаба-ёшларга эсдалик совғалари топширилди.

Байрам дастурининг асосий қисми Тошкент шаҳар Ёшлар марказида бўлиб ўтди. Тадбирда университет профессор-ўқитувчилари, фаол талаба-ёшлар, Ҳарбий тайёргарлик ўқув маркази офицерлари ва курсантлари иштирок этди.

Тадбирда жамият равнақи, юрт тараққиётида давлат рамзларининг аҳамияти ҳақида сўз борди. Шундан сўнг «Йил талабаси – 2021» Республика кўрик-танловининг университет босқичи ғолиблари ва «Эркин Воҳидов номидаги махсус стипендия» совриндорларини тақдирлаш маросими ўтказилди, ғолиб талабалар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳақида университет иқтидорли талабалари тайёрлаган видеоролик намойиш этилди. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий ансамбли хонандалари ҳамда университет талаба-ёшлари ижросидаги Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар тадбирга байрам шукуҳини улашди.
Файзулло Яҳёев, ЎзА