Давлат мукофоти совриндорлари шарафланди
Навоий вилояти ҳокимлиги тантаналар залида Президентимиз фармонига кўра, орден ва медаллар билан мукофотланган бир гуруҳ хотин-қизлар ва “Зулфия” номидаги Давлат мукофоти совриндорлари билан учрашув ўтказилди.
Бугун юртимизда барча соҳаларда самарали меҳнат қилиб, юрт тинчлиги, Ватанимиз тараққиёти ва халқ фаровонлиги йўлида меҳнат қилиб келаётган хотин-қизлар учун барча шароитлар яратиб берилмоқда ҳамда уларнинг меҳнати муносиб баҳоланмоқда.
Яқинда ўзининг кўп йиллик самарали меҳнати, бой тажрибаси билан бугунги туб ислоҳотларимизда фаол қатнашиб, Янги Ўзбекистонни барпо этиш, халқимиз фаровонлигини юксалтириш йўлида ташаббус ва ибрат кўрсатиб келаётган опа-сингилларимизнинг бир гуруҳи орден ва медаллар билан мукофотланган эди. Шунингдек, республикамизнинг турли ҳудудларида ўзининг иқтидори, изланувчанлиги, муҳим ғоя ва ташаббуслари, ибратли амалий ишлари ва эришган ютуқлари билан юртимиз ёшларига ўрнак бўлиб келаётган 28 нафар қизларимизга “Зулфия” номидаги давлат мукофоти топширилди.
[gallery-10936]
Улар орасида Навоий вилоятидан турли орден ва медалларга сазовор бўлган 4 нафар хотин-қиз, 2 нафар “Зулфия” номидаги давлат мукофоти совриндорлари бор.
– Бу мукофот менга кўпроқ ўқиб, етук мутахассис бўлишим учун янада юксак масъулият юклайди, – дейди “Зулфия” номидаги давлат мукофоти совриндори Лобархон Жалолова. – Ҳозирда Навоий давлат педагогика институти инглиз тили ва адабиёти факультети 2-босқич талабасиман. Шу билан бирга бир неча йиллар давомида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Навоий вилояти сардори сифатида фаолият юритдим. Вилоят телерадиокомпаниясида жамоатчилик асосида турли кўрсатув ва эшиттиришлар тайёрлаб келаман. Эркин таржимон ва гидлик фаолияти билан шуғулланаман. Келгусида Юртбошимиз ишончини оқлаган ҳолда Ватаним тараққиётига ўз ҳиссамни қўшаман.
Тадбирда Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов сўзга чиқиб, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида хотин-қизларимиз меҳнатини алоҳида эътироф этган ҳолда мўътабар аёл зотига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, хотин-қизларнинг давлат ва жамият ҳаётида тутган ўрни ва нуфузини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталди ҳамда мукофотланганларга эсдалик совғаларини топширди.
Абдували Бўриев,
Сирож Аслонов (сурат), ЎзА