Давлат хизматчиси сизни қандай кутиб олади?
Қардош халқлар турмуши, урф-одатлари ва маданияти элимиз билан ўзаро анча яқин. Масалан, Озарбайжон ва Туркия, лекин бизнинг жамиятимиздаги мавжуд муаммолар уларда аллақачон ўз ечимини топгандек кўринди.
Қардош халқлар турмуши, урф-одатлари ва маданияти элимиз билан ўзаро анча яқин. Масалан, Озарбайжон ва Туркия, лекин бизнинг жамиятимиздаги мавжуд муаммолар уларда аллақачон ўз ечимини топгандек кўринди.
Кўпинча эътибор бериб қарасангиз, бизда бирорта давлат идорасига ташриф буюрсангиз, боришдан аввал “ишқилиб ишда бўлсин-да” ёки “кайфияти яхши бўлсин-да”, қабилидаги фикрлар хаёлимиздан ўтади.
Бирор давлат хизматидан фойдаланаман, давлатга йиғим ёки бож тўлайман деб борсангиз-у, давлат хизматчиси сизни худди унинг “арпасини хом ўргандек” хўмрайиб қарши олади, салом бериш тугул, ўтирган креслосидан бир қимирлаб қўймайди ёки турнақатор навбат, ур-сурлардан тинкангиз қуриб, бир иш кунингиз ҳавога учади.

Қардош Туркия ва Озарбайжонда тамоман бошқача, ҳаммаси чиройли йўлга қўйилган. Исталган давлат идорасига ташриф буюрсангиз, ходимлари жуда хушмуомала, барчаси инсон манфаатлари учун яратилгани гувоҳи бўласиз. Фақат булар эмас, сизга навбатда турган вақтингизда бир стакан сув ёки кофе узатилиши билан навбатингиз келгунича қандай вақт ўтганини билмай қоласиз. Мана буни давлат хизмати деса бўлади дедим.
Буни қарангки, яқинда Тошкентда Учтепа тумани давлат хизматлари марказига ташриф буюриб, худди Туркия ёки Озарбайжонга тушиб қолгандай бўлдим. Нега, дейсизми? Давлат хизматлари бизда ҳам анча ислоҳ қилинибди, ҳамма хизматчилар бир хил формада, хушчақчақ, хушмуомала, келган ҳар бир фуқарога турли ширинликлар ва бир пиёла чой узатишмоқда.
Бўлар экан-ку, деган фикр ўтди, менинг фикримча, барча идоралар бундан ўрнак олса арзийди. Давлат идорасидан норози бўлиб келган фуқаро ҳам бундай муносабатни кўргандан сўнг ўз ўзидан давлатга нисбатан ишончи ортади. Бунинг учун кўп маблағ ҳам кетмаса керак, муҳими, халқнинг розилиги таъминланади.
М. ОТАБОЕВ
фуқаро