Давлат фуқаролик хизмати замонавий ёндашувлар асосида ташкил этилади
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан Европа Иттифоқи молиявий кўмагида БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда давлат хизматлари кўрсатишни янада такомиллаштириш” лойиҳаси билан ҳамкорликда ўқув-тренинг ташкил этилди.
“Замонавий давлат фуқаролик хизматида фаол ёндашув, самарали ижро ва фуқарога йўналтирилган хизмат кўрсатиш” мавзусидаги мазкур республика семинарида “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)” мақомига эга 33 та туман ва шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари иштирок этди.
[gallery-29413]
Тадбирда давлат фуқаролик хизматини замонавий ёндашувлар асосида ташкил этиш, профессионал ва натижадорликка йўналтирилган давлат хизматчилари корпусини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, давлат хизматларини ўз вақтида ва сифатли кўрсатиш, қарор қабул қилиш самарадорлигини ошириш ҳамда мулоқот маданиятини такомиллаштириш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Семинар давомида сунъий интеллект имкониятларидан давлат бошқарувида самарали фойдаланиш, рақамли ечимларни кенг жорий этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Савол-жавоблар ва амалий муҳокамалар орқали иштирокчиларнинг билим ва кўникмалари мустаҳкамланди.
Уч кунлик тадбир доирасида иштирокчилар Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 27–28 апрель кунлари Фарғона вилоятига ташрифи давомида кўздан кечирилган объект ва лойиҳалар фаолияти билан ҳам танишди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА