Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилиши талаб этилади
2022 йил 14 октябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари белгиланди.
Унга кўра, давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари давлат фуқаролик хизматчиларининг касбий маданияти, хизмат фаолияти давомида ҳамда хизматдан ташқари вақтда одоб-ахлоқи, ташқи кўриниши ва кийиниш услубининг намунавий қоидаларини ўз ичига олади.
Айни кунларда барча ҳудудда, ташкилот ва идораларда, қатор муассасаларда мазкур қарор мазмуни ҳамда давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари кенг тарғиб-ташвиқ қилинмоқда, уларнинг аҳамияти тушунтирилмоқда.
Айни мақсадда Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ҳам фан, таълим, тиббиёт ва спорт йўналишидаги вазирлик ва идоралар иштирокида семинар ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги мутасаддилари давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари хусусида маъруза қилди.

— Давлат фуқаролик хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари давлат хизматида юксак касбий маданиятни шакллантириш, жамоатчилик онгида давлат хизматига бўлган ҳурмат ва ишончни ошириш ҳамда давлат хизматчиларининг ахлоқ қоидаларига зид бўлган хатти-ҳаракатларининг олдини олишга қаратилган, — деди Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги бош инспектори Шахруз Азимов. — Давлат фуқаролик хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари, аввало, ҳар бир инсоннинг оиласидан бошланадиган одоб-ахлоқ кўринишларидир.
Хушмуомалалик, ҳаллолик, ўз ишига виждонан ёндашиш, самимий ва камтарин бўлиш, белгиланган тартиб-интизомга риоя қилиш, касб этикасига амал қилиш кабилар шулар жумласидандир. Масалан, касбий маданиятга оид умумий одоб-ахлоқ қоидалари белгиланган бўлиб, унга кўра, давлат хизматчилари фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, фуқаролиги, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи камситилишига олиб келувчи таъсир чоралари ва ҳаракатларга йўл қўймаслиги, ҳалол, адолатли ва камтар бўлиши, фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала, вазмин ва самимий муносабатни намойиш қилиши лозим.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор қарорларни қабул қилишда қонунийлик, адолатлилик ва шаффофликни таъминлаши, давлат ва жамият манфаатларига зарар етказувчи, давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти самарадорлигини пасайтирадиган ҳаракатлардан тийилиши керак. Бундан ташқари, ҳар бир давлат хизматчиси ўзининг хатти-ҳаракати ва ахлоқи туфайли жамоатчиликнинг танқидига учрамаслик чораларини кўриши, танқид учун таъқибга йўл қўймаслиги, асосли ва конструктив танқиддан ўз фаолиятидаги камчиликлар ҳамда нуқсонларни бартараф этиш йўлида фойдаланиши лозим.
Бундан ташқари, давлат хизматчилари ишдан ташқари вақтда миллий урф-одат, қадрият ва анъаналарга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, дабдабабозлик, шуҳратпарастлик, гуруҳбозлик, маишатбозлик, ичкиликбозлик ва бошқа салбий иллатларга йўл қўймаслик, жамоат жойларида — кафе, ресторан ва бошқа кўнгилочар масканларда ўзини тутиш қоидаларига риоя этиш, атрофдагиларнинг эътиборини тортувчи ортиқча ва салбий ҳаракатларга йўл қўймасликка мажбур.
Шунингдек, хизмат гувоҳномаларини сақлаш ва фойдаланиш тартибига қатъий риоя этиши, улардан хизматга алоқадор бўлмаган ҳолатларда фойдаланмаслиги, шу жумладан, ваколатли шахсларга хизмат гувоҳномасини кўрсатиб, мавқеини суиистеъмол қилмаслиги лозим. Хизмат автотранспорт воситаларидан хизмат фаолиятидан ташқари ҳолатларда шахсий ва бошқа мақсадларда фойдаланмаслик мажбуриятлари ҳам мавжуд.
Семинарда адлия вазирлиги вакили жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан муносабатларга оид одоб-ахлоқ қоидалари борасида маъруза қилди.
Семинарда сўзга чиққанлар мазкур қарорнинг аҳамиятига тўхталиб, давлат фуқаролик хизматчилари белгиланган одоб-ахлоқ қоидаларига оғишмай амал қилиши давлат ва жамият ҳаётида муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидладилар.
— Бугунги семинарда давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши бўйича янада батафсил маълумотларга эга бўлдик, — дейди Абдулла Авлоний номидаги миллий тадқиқот институти матбуот котиби Муяссар Жуманиёзова. — Ҳар бир давлат фуқаролик хизматчиси белгиланган одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилган ҳолда фаолият юритса, жамиятда барқарорлик бўлади. Масалан, жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан муносабатларда ҳам белгиланган тартиблар, одоб-ахлоқ қоидалари мавжуд. Давлат хизматчилари оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиши, давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритилишига кўмаклашиши керак. Мурожаатларга 7 кун ичида жавоб қайтариши лозим.
Тадбирда бу каби тарғибот ишларини мунтазам олиб бориш, давлат фуқаролик хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш хусусида таклиф-тавсиялар билдирилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА