Давлат департаменти Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлигига қарши эмас(ми?)
Хулоса ҳар доимгидек ўқувчилар ҳукмига ҳавола.
Жонатан ХЕНИК: АҚШ Марказий Осиёни Россиядан қизғанмайди

АҚШ Марказий Осиё давлатларига таъсир ўтказиш бўйича Москва билан пойга ўйнаш ниятида эмас. Қўшма Штатлар Давлат департаменти бир неча кун олдин бўлиб ўтган Давлат котиби Майкла Помпеонинг 5 та Марказий Осиё мамлакатидаги ҳамкасблари билан кечган навбатдаги мулоқоти якунларини таҳлил қиларкан, шунга шаъма қилди. Қайд этилишича, онлайн-конференциянинг бош мавзулари Америка қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши, минтақа билан иқтисодий ҳамкорлик ҳамда коронавирус пандемиясига қарши кураш бўлди.
Маълумки, C5+1 аталмиш формат анча олдин, Барак Обаманинг президентлик замонида юзага келган ва бу ҳамкорликдан Дональд Трамп даврида ҳам воз кечилмади. Айни таркибдаги сўнгги бевосита учрашув жорий йилнинг феврал ойида кечган: ўшанда АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео Тошкентга учиб келиб, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари билан учрашган. Бу гал ҳам иштирокчилар рўйхати ўзгармади, аммо мулоқот шакли, ҳали COVID-19 пандемияси батамом тинчимаганлиги сабабли, онлайн тартибга кўчирилди.
Мазкур учрашув якунлари бўйича АҚШ Давлат котибининг Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Жонатан Хеник журналистларга батафсил маълумот берди. Унинг сўзларига қараганда, «Қўшма Штатлар учун Марказий Осиёнинг кучли ҳимояланган, фаровон минтақага айлангани», бу ердаги мамлакатлар эса (ривожланишнинг — “Ъ”) «турли йўллар орасидан бирини ўзлари эркин танлаганлари» маъқул.
У шунингдек, АҚШ минтақага коронавирус билан курашиш учун «фақат ҳозирги инқироз даврининг ўзида 25 миллион доллар ажратганини» ҳам айтиб ўтди.
Дипломатнинг сўзларига кўра, АҚШ бу жараёнда «Марказий Осиёга қўшимча маблағлар ажратиш мақсадида Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси билан» ишлашда давом этяпти.
Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига кузатувчи мақомида кирганига нисбатан Вашингтон қандай муносабатда эканлиги тўғрисидаги саволга жавоб бераркан, жаноб Хеник АҚШ Марказий Осиё давлатларига таъсир ўтказиш бўйича Москва билан рақобатга киришиш ниятида эмаслигини билдириб, жумладан шундай деди: «Мен бу борадаги келишувларга изоҳ бера олмайман, чунки Қўшма Штатлар ЕОИИ аъзоси эмас. Ўзбекистон иштирокидаги мунозаралар давом этади. Билганим шуки, айни масала Ўзбекистон аҳолисини ҳам жуда қизиқтиради. Биз Ўзбекистон фуқароларининг жаҳон бозорига чиқиш, хорижий инвестицияларни жалб этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни кенгайтиришга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаймиз. Умид қиламизки, Ўзбекистон ҳалқи маҳаллий блоклардаги иштирок, савдо алоқаларини ривожлантириш, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш каби масалаларнинг ҳар бирини диққат билан ўрганиб чиқиб, ўзи учун энг мақбул йўлни танлайди».
Дипломат сўзининг якунида АҚШ Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши йўлида «кўмаклашишда давом этаётгани учун шерикларидан миннатдорлиги», шунингдек, «Афғонистон билан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш бу борадаги муваффақиятнинг калити эканини таъкидлади».
МАВЗУ ЭКСПЕРТЛАР ТАЛҚИНИДА
Қодир Жўраев – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раисининг ўринбосари

«С5+1» МАРКАЗИЙ ОСИЁ ВА АҚШ МУНОСАБАТЛАРИДА ЯНГИ УФҚЛАРНИ ОЧАДИ
«С5+1» формати Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ ташқи ишлар идоралари раҳбарларининг ўзаро мулоқоти механизми бўлиб, инглизча «Сentral Asia 5» Марказий Осиё мамлакатларини, «+1» эса АҚШни билдиради.
АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида доимий мулоқот механизмини йўлга қўйиш ҳақида дастлаб 2015 йил сентябр ойида Нью-Йорк шаҳрида эълон қилинган эди. Ўша йил 1 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда эса «С5+1» тузилгани расман тасдиқланди. Мазкур учрашув якунида Ҳамкорлик ва шериклик тўғрисида Қўшма декларация қабул қилинди.
Мазкур ҳужжат савдо, транспорт, коммуникация, энергетика соҳаларини ривожлантириш, минтақа мамлакатларида ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш, хавфсизликнинг трансчегаравий таҳдидлари (гиёҳванд моддалар, қурол, одам савдоси)га, Афғонистонда барқарорликни таъминлаш, ядро қуроллари тарқалишига қарши курашиш, маданий-маърифий соҳадаги алоқаларни кенгайтириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фуқаролик жамиятини шакллантириш ва демократик институтларни мустаҳкамлаш каби долзарб масалаларда ҳамкорлик қилишни кўзда тутади.
Шундан сўнг Марказий Осиё ва АҚШ вазирлари учрашуви мунтазамлик касб этди. Кейинги учрашув 2016 йил августда Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтди ва томонлар юқоридаги йўналишларда бешта лойиҳани ҳамкорликда амалга оширишга келишиб олдилар. Шу тариқа «С5+1» формати ўз номига мос равишда ўзаро маслаҳатлашув платформасига айланди. Музокаралар учун айнан мулоқот формати танлаб олингани бежиз эмас. Буни Марказий Осиё мамлакатларининг ўз тараққиётида янги босқичга ўтганлиги билан изоҳлаш мумкин. Негаки, айнан шу даврга келиб, Марказий Осиё мамлакатлари мустақил давлатчиликнинг илк босқичидан ўтиб, глобал миқёсда ўзларини тарихи, маданияти, қадриятлари бир бўлган ягона минтақа вакиллари сифатида намоён қила бошладилар. Вашингтон таклиф қилган «С5+1» кўринишидаги маслаҳат механизмининг мувафаққияти эса кўп жиҳатдан минтақа мамлакатларининг ҳамкорлик томон тобора кучайиб бораётган интилиши маҳсули, дейиш мумкин.
Баъзи эскпертлар ушбу форматни Россия ва Хитойнинг минтақадаги геосиёсий ва геоиқтисодий таъсирини камайтиришга қаратилган тузилма сифатида нотўғри қабул қилади. Гўёки, “С5+1” Россия ва Хитойнинг минтақадаги ташаббусларига рақобатчи тузилма эмиш. Аслида, бундай эмас. Биринчидан, Марказий Осиё мамлакатлари Россия билан ҳам, Хитой билан ҳам кенг кўламли алоқаларга эга. Иккинчидан, хоҳлаймизми, йўқми, тарихий ва жуғрофий омиллар туфайли Марказий Осиё мамлакатлари Москва ва Пекин билан дўстона муносабатларни мустаҳкамлашдан манфаатдор. Учинчидан, АҚШ, Россия ва Хитойнинг бир қатор умумий манфаатлари ушбу минтақа турли манфаатлар тўқнашган жой эмас, балки муштарак манфаатлар макони эканлигидан далолат беради. Масалан, Афғонистондан тарқалаётган турли таҳдидларнинг олдини олиш масаласи ҳаммани бирлаштириши табиий.
Қолаверса, “C5+1” эгилувчан формат бўлиб, минтақа мамлакатлари учун ўзаро манфаатли йўналишларда биргаликда ишлаш имконини беради. АҚШ ва Марказий Осиё мулоқоти бу бир томонга оғиб кетиш ёки бир мамлакат билан ҳамкорликни ривожлантириш эвазига бошқа мамлакат билан ҳамкорликдан воз кечишни англатмайди. Аксинча, ушбу майдон минтақанинг ҳар бир мамлакати учун ўз ташқи сиёсатида геосиёсий кўп векторликни сақлаб қолиш имконини беради. Қисқаси, “C5+1”формати ва АҚШ стратегияси минтақа мамлакатларининг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш тамойилига мос келади.
Бундан ташқари, АҚШдек муҳим давлат билан яқин ҳамкорлик қилиш ҳозирги глобаллашув ва рақамлаштириш даврида минтақага янги технологиялар ва инвестицияларнинг кенг миқёсда кириб келишига замин яратади. Барқарор ва гуллаб-яшнаётган Марказий Осиё эса ўз навбатида, Афғонистон, Кавказ, Яқин Шарққа ҳам ижобий таъсир кўрсатади ва хавфсизлик, терроризм, экстремизм билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга кўмаклашади.
Энг муҳими, “C5 + 1” формати минтақа мамлакатларига ўзларини янада дадилроқ ҳис қилишларига имкон беради. Бу жуда муҳим жиҳат минтақа мамлакатларига келгусида бир қатор истиқболли йўналишларни кун тартибига киритган ҳолда ўзаро маслаҳатлашиш имконини беради.

Қолаверса, минтақада таъсирга эга бўлиш борасида Россия билан рақобат қилмаслик тўғрисида АҚШ мулозимлари такрор-такрор уқтириб келмоқдалар. Масалан, жорий йилнинг 30 июн куни АҚШ Давлат котиби Майк Помпео ва Марказий Осиё мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари ўртасида “С5+1” форматида бўлиб ўтган учрашув якунлари бўйича АҚШ Давлат департаменти томонидан эълон қилинган баёнотда ҳам бу жиҳат алоҳида таъкидланди. Дарвоқе, видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган мазкур учрашув кун тартибига АҚШ қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилиши, минтақада иқтисодий ҳамкорлик ва коронавирус пандемиясига қарши курашиш каби масалалар киритилганлиги ҳам “С5+1” форматида ҳеч қандай рақобат йўқлигидан далолат беради.
Тан олиш керак, “С5+1”формати минтақанинг барча мамлакатларини бирлаштириб турган кам сонли минтақавий ҳамкорлик тузилмаларидан бири ҳисобланади. Ташкил этилганига энди 5 йил бўлганига қарамай, “С5+1” ўзининг зарурлиги ва ҳаётийлигини кўрсата олди. Фикримча, мазкур тузилманинг келажаги бор.
Халқаро жамоатчиликка яхши маълум, кейинги йилларда айнан Ўзбекистон илгари сураётган ташаббуслар туфайли Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича мулоқот сезиларли даражада фаоллашди. Бинобарин, минтақада хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлашга қаратилган ҳар қандай тузилма фаолиятини қўллаб-қувватлаш Ўзбекистон миллий манфаатларига тўлиқ мос келади. Шу нуқтаи назардан, биз учун “С5+1” платформасини маъқуллаш ва бу борадаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга интилиш жуда муҳим. Келгусида «С5+1» Марказий Осиё ва АҚШ ўртасидаги муносабатларда янги уфқларни очишига ишончим комил.
Ўзбекистон "C5+1" доирасида кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришнинг фаол тарафдори сифатида келгусида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, миллий транспорт стратегияларини бирлаштириш, қишлоқ хўжалигида инновацияларни рағбатлантириш, минтақа мамлакатларининг энергия салоҳиятини ошириш, Марказий Осиёнинг экологик жиҳатдан ноқулай ҳудудларида ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш, шу жумладан Оролбўйи минтақасини ўзгартириш каби йўналишларда ҳамкорлик қилишга жиддий қизиқиш билдирмоқда.
Фарход Толипов – Сиёсатшунос, мустақил эксперт

“С5+1” ФОРМУЛАСИ ВА ЎЗБЕКИСТОН МАНФААТЛАРИ
2015 йил 27 сентябр куни БМТнинг Бош Ассамблеяси доирасида ўша пайтдаги АҚШ Давлат котиби Жон Керри 5та Марказий Осиё давлати ташқи ишлар вазирлари билан учрашиб “С5+1” форматини тузишади. Мазкур форматнинг мақсади АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари орасида минтақавий ва глобал масалаларни муҳокама қилиш, деб белгиланган. Ўшандан бери “С5+1” формати доирасида бир неча маротаба учрашувлар бўлиб ўтди. Ушбу мулоқотнинг пайдо бўлиши қандайдир бир расмиятчилик ёки дипломатик ҳохиш-истак эмас, балки АҚШнинг Марказий Осиёдаги узоқ муддатли стратегияси намоёнидир.
Мустақилликнинг дастлабки даврлариданоқ АҚШ Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон давлатларини халқаро тизимда муҳим геосиёсий аҳамиятга эга бўлган минтақада жойлашган давлатлар сифатида эътироф этди. АҚШ 1991 йилда “Эркинликни қўллаб-қувватлаш” қонунини, 1999 йилга келиб эса“Янги Ипак Йўли” стратегиясини қабул қилади. Ва ниҳоят энди “С5+1” деб номланган платформа яратилди. Кўриниб турибдики, Вашингтон минтақамизга қаратилган мунтазам иш олиб борди. Умуман олганда, бу стратегия қуйидаги мақсадларни кўзлайди: 1) демократик ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш; 2) минтақавий ҳамкорликка кўмак бериш; 3) минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш; 4) минтақа мамлакатларининг ташқи иқтисодий алоқаларини диверсификация қилишга ёрдам бериш.
АҚШ шу йил январ ойида ўзининг янги Марказий Осиё стратегиясини эълон қилди. Унга кўра, Марказий Осиё АҚШнинг миллий хавфсизлик манфаатлари учун муҳим геостратегик минтақа, деб таъкидланади. Мазкур ҳужжатда Марказий Осиё давлатларининг биргаликда минтақа мақомида ва алоҳида олганда мустақиллигини ва суверенитетини мустаҳкамлаш АҚШ учун муҳим вазифа этиб белгиланган. Ҳужжатнинг айнан мана шу банди алоҳида эътиборга лойиқ, яъни АҚШ Марказий Осиёни яхлит минтақа сифатида эътироф этади ва шунга урғу беради. Шу ўринда Стратегия минтақани заифлаштирувчи ва бўлувчи омилларни бартараф этишга қаратилган ҳаракатларга кўмак беришини баён этади. Кези келганда эслатиб ўтиш ўринли, бошқа ҳеч қайси йирик давлат бизнинг минтақага бу даражада интеграцион кўз билан қарамаган.
Шу билан бир қаторда янги Стратегияда геосиёсий жиҳатлар ҳам акс этган: АҚШнинг мазкур бешта мамлакат билан яқин алоқалари ва ҳамкорлиги Америка қадриятларини илгари суришга ҳамда қўшни жойлашган йирик давлатларнинг минтақага таъсирини камайтиришга хизмат қилиши баён этилган.
Куни кеча “С5+1” форматида навбатдаги учрашув онлайн шаклида уюштирилди. Бу учрашув АҚШнинг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича махсус вакили Залмай Халилзод ва АҚШнинг халқаро ривожланиш бўйича Молиявий корпорцияси бошлиғи Адам Болер бошчилигида делегациясининг Қатар, Покистон ва Ўзбекистонга қилган ташрифи билан бир вақтга тўғри келди. Ташриф чоғида АҚШ қўшинларининг Афғонистондан чиқиб кетиши арафасида ушбу мамлакатда тинчлик ўрнатишга қўшни давлатларнинг ҳиссаси катта бўлиши таъкидланди, минтақавий ҳамкорлик истиқболи муҳокама қилинди.
Кўриниб турибдики, йил бошидан минтақамизда COVID-19 пандемиясига қарамасдан, геосиёсий жараёнлар янгича тус олмоқда. Хусусан, бир томондан Ўзбекистоннинг ЕОИИга кузатувчи мақомида қўшилиши мамлакатимиз ва халқаро ҳамжамиятда турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб, айни қарорга ҳар хил баҳо берилмоқда. Иккинчи томондан “С5+1”га Россия ОАВ ва таҳлилий марказларида геосиёсий нуқтаи назардан таъриф берилмоқда.
Гарчи АҚШ расмийлари Ўзбекистонни ЕОИИга кузатувчи бўлиб қўшилишига қарши эмаслигини айтса ҳам, Россия томондан “С5+1” форматига шубҳа билан қаралиши кўзга ташланмоқда. Демак, улкан давлатларнинг Марказий Осиёдаги геосиёсий рақобати давом этмоқда. Табиийки, бундай шароитда Ўзбекистон қандай сиёсат олиб бориши жуда муҳим. Фикримча, Ўзбекистон у ёки бу томонга оғиши ёки икки томонлама бир хил масофани ушлаб туришга интилиши эмас, балки ҳозиргидек эътибор марказида ўз минтақамизни, яъни Марказий Осиёни ушлаб туриши мақсадга мувофиқ. Зеро, Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатида Марказий Осиё устувор эканини эълон қилган. Айнан мана шу тамойил давлатимиз ташқи сиёсатида дастурил амал бўлиб хизмат қилмоқда.