Давлат дастурлари ижроси: сунъий интеллект асосида янги назорат механизмлари жорий этилади
Давлат дастурлари ижро этилишини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича республика штабининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.
Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев бошқарган йиғилиш видеоселектор тарзида ўтказилди ва унда Президент Администрацияси, тегишли вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда уларнинг ҳудудий тузилмалари раҳбарлари ва масъуллари қатнашди.

Йиғилишда қурилиш соҳасида ислоҳотларни жадаллаштиришга доир қонунчилик ҳужжатлари бажарилиши, шу жумладан, штабларга юклатилган вазифалар ижросини самарали ташкил этиш, соҳадаги тизимли муаммоларни аниқлаш ва бартараф этишга доир масалалар кўриб чиқилди.

Тадбирда асосий эътибор фаолиятни рақамлаштириш ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланган ҳолда янги назорат механизмларини жорий этишга қаратилди.
Қурилиш соҳасида назорат услубларини тубдан ўзгартириш, унинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, айниқса, назоратга масъуллар томонидан коррупцияга йўл қуйилишининг олдини олишга қаратилган долзарб вазифалар белгиланди.

Шу билан бирга, соҳадаги қолоқликлар юзасидан тармоқ раҳбар ва масъулларининг тушунтиришлари эшитилди.

Соҳада фаолият юритаётган тадбиркорларга кўмак бериш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишда ҳудудий штаблар ролини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Н.Абдураимова, ЎзА