Давлат бюджети маблағларини тўғри тақсимлаш ва ундан самарали фойдаланиш барча соҳа ва тармоқлар ривожи, аҳоли фаровонлиги ва осойишталигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишларида Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2024 йил биринчи ярим йилликдаги ижроси муҳокама қилинар экан, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси йиғилишида жорий йилнинг I ярмида мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти 567,4 трлн. сўмни ташкил этиб, 6,4 фоизга ошгани алоҳида қайд этилди.
Тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган тизимли ислоҳотлар натижасида фаолият кўрсатаётган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлар сони ўтган йилга нисбатан қарийб 21,5 минга ошиб, 833 мингтага етгани эътироф этилди. Давлат бюджети даромадлари эса 121,0 трлн. сўмни ташкил этиб, 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 18,7 трлн. сўмга кўп бўлгани депутатлар томонидан ижобий баҳоланди.
Қайд этилганидек, ўтган даврда соғлиқни сақлаш, таълим, инсон капиталини ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш ва атроф-муҳитни яхшилаш учун ажратиладиган давлат харажатлари миқдори ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада ошган.
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзолари ҳисобот даврида таълим-тарбия соҳасида амалга оширилган ишларга алоҳида эътибор қаратди. Таъкидланганидек, ижтимоий соҳа харажатларининг асосий қисмини, яъни 50,3 фоизини таълим тизими муассасаларини сақлаш ва ривожлантириш харажатлари ташкил қилди. Мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида тизимда давлат-хусусий шериклигини ривожлантириш фаол қўллаб-қувватланмоқда. Масалан, мактабгача таълим ташкилотлари сони 2022 йилда 29 минг 257 тани ташкил қилган бўлса, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигига келиб 8 минг 247 тага ортиб, 37 минг 504 тага етди.
2022 йилда республика бўйича умумтаълим мактаблари сони 10 минг 104 тани ташкил этган бўлса, олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида бу кўрсаткич 56 тага ошиб, 10 минг 160 тани ташкил қилмоқда.
«Адолат» социал-демократик партияси фракцияси аъзолари бюджет ижроси доирасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларга эътибор қаратди. Қайд этилганидек, соғлиқни сақлаш соҳасига 2024 йилнинг биринчи ярим йиллигида Давлат бюджетидан 16 529,6 млрд. сўм ёки 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 996,3 млрд. сўмга кўп маблағлар ажратилган. Жумладан, болаларни вакцинация қилиш билан боғлиқ харажатларга 214,4 млрд. сўм маблағлар ўзлаштирилган. Онкология ёрдамини такомиллаштириш ва онкология хизматини янада ривожлантириш харажатларига жорий йилнинг 6 ойи давомида 12,5 млрд. сўм бюджет маблағлари йўналтирилган.
Шунингдек, оториноларингология хизматини ривожлантириш харажатларини молиялаштириш учун 2024 йил I ярим йиллигида 4,1 млрд. сўм ажратилган. Фракция аъзолари тиббий хизмат сифатини янада ошириш, соғлиқни сақлаш соҳаси учун бюджетдан ажратилган маблағларнинг ҳар бир сўмидан мақсадли ва самарали фойдаланиш лозимлигини таъкидлади.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари ижтимоий соҳа харажатлари учун Давлат бюджетидан 74,1 трлн. сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,1 трлн. сўм кўп маблағ ажратилганига алоҳида эътибор қаратди.
Давлат бюджетининг ижтимоий йўналтирилгани Ўзбекистон Халқ демократик партияси дастурий мақсадларига тўлиқ мос келиши, ҳисобот даврида бюджет харажатларининг аксарият қисми партия дастурий мақсадлари билан боғлиқ масалалар, яъни ижтимоий харажатларни молиялаштиришга йўналтирилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16 фоизга ортгани алоҳида қайд этилди. Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси йиғилишида депутатлар ҳисобот даврида давлат бюджетидан экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, чиқиндиларни йиғиш ва уларни қайта ишлаш тадбирларига ажратилган маблағларнинг натижадорлигига алоҳида эътибор қаратди.
Таъкидланганидек, ҳисобот даврида экология, атроф муҳит муҳофазаси ҳамда иқлим ўзгаришларига қарши кураш ва унга мослашиш борасидаги тадбирлар учун давлат бюджетидан 2,4 трлн. сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилган. Ушбу маблағлар ҳисобидан Орол денгизининг қуриган туби ва Оролбўйи аҳоли пунктларида қум кўчиши ҳамда атмосфера ҳавосига туз-чанг кўтарилишини бартараф этиш мақсадида 220 минг гектар майдонда «яшил қопламалар» барпо этилган. Чўл ва бошқа тупроқ-иқлим шароитига мос дарахт турлари етиштириш учун 318 гектар ниҳолхоналар, 350 гектар кўчатхоналар ташкил этилган. Жорий йил баҳор мавсумида эса «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида 12,3 млн. туп дарахт ва бута кўчатлари экилган.
Муҳокамалар давомида аҳоли пунктларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва оқова сув тизимларини яхшилаш тадбирларига 551,9 млрд. сўм маблағ йўналтирилгани, 589,2 минг гектар майдонда сувни тежайдиган технологиялар жорий этилиши натижасида 1,5 млрд. куб метр сув ресурслари иқтисод қилишга эришилгани фракция аъзолари томонидан эътироф этилди.
Фракциялар йиғилишларида Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2024 йил олти ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот қизғин муҳокама қилиниб, тегишли таклиф-тавсиялар берилди ва депутатлар томонидан маъқулланди.
М.Комилова, ЎзА