Давлат бошқарувида жамоатчилик назорати кучаяди
Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 16 июндаги «Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони шу йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Адлия вазирлиги ташаббуси билан ишлаб чиқилган мазкур фармонда белгиланаётган янги тартиблар бўйича Адлия вазирлиги томонидан матбуот анжумани ўтказилди.
Адлия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходимлари фармондаги янгиликлар билан таништирди.
Фармонда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати (33 та) тасдиқланди.
Эндиликда давлат органлари ва ташкилотлари ўз фаолиятига оид ҳисоботни ҳар йили 1 мартгача веб-сайтларига жойлаштиради. 10 мартгача уни жамоатчилик иштирокида муҳокама этиш ҳақида хабар беради. 1 апрелгача ҳисоботни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама этиш учун матбуот анжуманлари ўтказади.
2021 йил 1 июлдан қуйидагилар тўғрисидаги маълумотлар Очиқ маълумотлар порталига ва давлат органлари ва ташкилотлари веб-сайтларига жойлаштирилиб, ҳар чоракда янгилаб борилади: амалга оширилган давлат харидлари; мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари; Президент, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари билан солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар, шу жумладан, индивидуал имтиёзлар берилган субъектларнинг бенефициарлар, улар томонидан тўланган солиқлар ва молиявий кўрсаткичлар; ўзларининг йиллик харажатлар сметаси ва унинг ижроси, шу жумладан, объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари, автомототранспорт воситаларини сотиб олиш харажатлари.
Шунингдек, ОТМнинг бакалавриат ва магистратура имтиҳонлари, ўқишни кўчириш билан боғлиқ имтиҳонлар ва нострификация тест синовларини ўтказиш жараёнини Интернетда жонли эфирга узатиш тартиби жорий этилади.
Бунда 2021/2022 ўқув йили қабулигача имтиҳонларни Интернетда жонли эфирга узатишни таъминлайдиган, барча фойдаланувчилар учун очиқ бўлган “imtihon.uz” веб-платформаси ишга туширилади.
2021 йил 1 августгача Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси расмий веб-сайтида ва Порталда Ов қилиш ва овчилик хўжаликлари тўғрисидаги ахборот базаси ишга туширилади.
Фармон билан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги зиммасига қўшимча вазифалар юклатилди. Хусусан, Агентлик давлат органлари ва ташкилотларининг маълумотларни Интернетга жойлаштириш мажбуриятлари ҳисобини юритади. Шу билан бирга мурожаатлардан келиб чиқувчи давлат органлари ва ташкилотларининг очиқлиги ва шаффофлигига оид долзарб масалаларни “Mening fikrim” веб-портали орқали умумхалқ муҳокамасига чиқаради.
2021 йил 1 декабрдан йил якунлари бўйича давлат органлари ва ташкилотларининг Очиқлик индекси аниқланади, Қонунчилик палатаси ва Сенат мажлислари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши сессиялари, шунингдек тарафларнинг розилиги билан айрим ҳуқуқбузарликларга ва оилавий низоларга оид фуқаролик суд ишлари телеканаллар ҳамда Интернет орқали жонли эфирга узатилади.
Фармон билан жорий этилаётган янги қоидалар давлат бошқарувини амалга оширишда аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйишда муҳим омил бўлади. Давлат органининг нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорлигини таъминлайди. Муҳими, жамоатчилик назорати янада кучаяди.
Н.Абдураимова, ЎзА