Давлат байроғи ғуруримиз, фахримиздир
Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да давлатимиз бароғи қабул қилинганлигининг 30 йиллиги муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтди.
1991 йил 18 ноябрь. Шу куни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари ўтказилган VII сессиясида “Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи тўғрисида”ги қонун қабул қилинган эди.
Байроғимиз, ғурур ва фахримиз тимсолидир. Ҳар тонг мадҳиямиз янграб, байроғимиз баланд кўтарилганида қалбларимизда ширин бир энтикиш туйғусини туямиз. Озод ва обод Ватанимиз – Ўзбекистонимизнинг байроғи бизни улуғ мақсадлар томон бошловчи буюк машъаладир.
Тадбирда давлат рамзлари элимизнинг ҳурлиги, миллий ғурур ва менталитетимиз, шонли тарихимиз, маънавий, маданий бойлигимиз, урф-одат, анъаналаримиз, буюк мақсад ва эзгу орзу-интилишларимизни ўзида акс эттириши билан бирга халқаро миқёсда мамлакатимиз обрў-эътиборини юксалтириш, юртдошларимиз қалбида Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат туйғусини мустаҳкамлашда муҳим восита бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.
– Давлатимиз байроғи халқимизнинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштирган ҳолда ундаги ҳар бир ранг ва белги ўз мазмунига кўра халқимизнинг асрий анъаналари ва миллий қадриятларимизни ўзида ифода этади, – дейди Навоий давлат педагогика институти проректори Хуршид Қурбонов. – Ўзбекистон ҳудудидаги давлатчилигимиз тарихининг қайси даврига назар солмайлик, байроғимиз аждодларимиз учун озодлик йўлида куч-қудрат, жасорат ва ғалаба тимсоли бўлганлигини кузатишимиз мумкин. Шу маънода мустақил Ватанимиз байроғи бизни юксак марралар сари илҳомлантириш билан бирга қадим давлатчилигимизнинг миллий ва маънавий анъаналари, халқимизнинг бағрикенглиги, тинчликсеварлигини ўзида мужассам этган улуғ давлат рамзи ҳисобланади.
Байроғимиз 1992 йилнинг 2 мартидан Ўзбекистон тўлақонли суверен республика сифатида тан олинганининг рамзи сифатида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош қароргоҳи олдида ҳам ҳилпирай бошлади.
[gallery-4715]
Спортчиларимиз эса қатор халқаро мусобақаларда шоҳсупанинг энг юқори жойидан ўрин эгаллаб, байроғимизни баланд кўтарган ҳолда Ўзбекистондай келажаги буюк давлат борлигини жаҳонга намойиш этмоқда. Зотан, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонунда таъкидланганидек, давлатимиз байроғи суверенитетимиз рамзидир.
Байрам тадбирида Ваттанни, она юртни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради.
Бугунги кунда Навоий вилоятининг 10 та шаҳар ва тумани марказида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи ҳилпираб турибди. Навоий шаҳри марказига ўрнатилган байроқнинг баландлиги тутқичи ва устуни билан биргаликда 62,5 метрни, узунлиги 10 метр, эни 20 метрни ташкил этади.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА