Давлат байроғи – менинг ифтихорим!
Тадбирда байроғимиз барча учун бирдек фахр-ифтихор ва шон-шараф рамзи экани алоҳида таъкидланиб, унга ҳурмат бажо келтириш шарафли бурчга айлангани қайд этилди.
Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан турли маданий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон Миллий гвардияси Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ва Қизириқ тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган ана шундай тадбир “Давлат байроғи – менинг ифтихорим!” шиори остида ўтказилди. Унда тумандаги таълим муассасалари ўқувчилари ва маҳаллалардаги вақтинча ишсиз ёшлар иштирок этди.
Тадбирда байроғимиз барча учун бирдек фахр-ифтихор ва шон-шараф рамзи экани алоҳида таъкидланиб, унга ҳурмат бажо келтириш шарафли бурчга айлангани қайд этилди.
Мамлакатимиздаги ҳарбий қисмларда аскарларга байроғимиз тўғрисида чуқур сабоқ берилаётгани уларнинг байроқни садоқат белгиси ва Ватан ҳимоясини, халқимизнинг осуда, обод турмушини муқаддас бурч сифатида улуғлашида муҳим омил бўлаётир.
Ёш авлодни миллий байроғимизга ҳурмат-эҳтиром ҳамда ватанпарварлик руҳида тарбиялашга йўналтирилган тадбирда ўқувчи ёшлар ва маҳаллаларнинг вақтинча ишсиз йигит-қизлари учун спортнинг футбол, волейбол, тош кўтариш, арқон тортиш, мерганлик турлари бўйича қизиқарли мусобақа ҳам ташкил этилди. Якка ва жамоалар ўртасидаги беллашувларда ғолиб бўлган ёшлар муносиб рағбатлантирилди.
– Мерганлик мусобақасида биринчи ўринни эгаллаганимдан хурсандман, – дейди 14-умумтаълим мактаби ўқувчиси Р.Намозов. – Бу ғолиблик мени янада руҳлантириб, ҳарбий соҳага бўлган қизиқишимни мустаҳкамлади. Ўзимни илк жиддий синовдан ўтказгандек ҳис этдим. Энди дарсдан бўш вақтларимда спортнинг бошқа турлари билан ҳам мунтазам шуғулланиб, ўқишни тугатгач, ҳарбий бўлишга аҳд қилдим.
Тадбир доирасида ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари ва ҳарбий техникалар намойиш этилди.