Дастурхонга, рўзғорга, ҳамёнга бирдек барака келтираётган лойиҳа
Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолига сифатли маҳсулотлар етказиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Янги ерлар ўзлаштирилиб, самарали лойиҳалар амалга оширилмоқда. Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида йиллар давомида самарасиз ётган лалми ерлар бугун обод қилиниб, қовун-тарвуз маҳсулотлари етиштирилмоқда ва хориж давлатларига экспорт қилинаяпти.
Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан “Мирзачўл Агро Стар” МЧЖ томонидан “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти кўмаги билан Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида қовун-тарвуз етиштириш йўлга қўйилди. Эътиборли жиҳати, тарвуз уруғлари илмий тадқиқот институти олимлари ҳамда хитойлик мутахассислар тавсияси асосида лаборатория шароитида етиштирилиб, ўз вақтида керакли озуқалар берилди. Бу эса ҳосилнинг касалликка чидамлилигини оширишга хизмат қилди. Кўчатлар плёнка остида дуга усулида парвариш қилинди. Бугун қилинган харажат ва меҳнат ўз натижасини берди. Тарвузлар пишиб, бозорга тайёр бўлди.
– Биз кутган даражадан ҳам кўра кўпроқ натижага эришдик, – деди тадбиркор деҳқон Искандар Сафаров. – Тарвузларимизнинг айримлари вазни 20-22 килограммни ташкил қилмоқда. Уларнинг барини ҳеч қандай кимёвий дориларсиз, ўзининг махсус ўғитлари билан етиштирдик. Органик ўғитлардан фойдаланганимиз учун экспортчиларимиз жуда кўп. Жумладан, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистондан талаблар келиб тушмоқда. Хорижлик харидорлар келиб маҳсулотларимизни кўриб, талабгор бўлиб, шартнома тузиб кетишяпти. Бугундан Россияга ҳам полиз маҳсулотларини экспорт қилишни бошладик. Келгусида янада юқори натижаларга эришиш мақсадида ерларни кенгайтириб, ҳосилдорликни оширамиз.

Хитой тажрибаси асосида, яъни кўчатлар пушта оралиғи 1,2-1,5 метрни ташкил қилгани, бир гектар майдонга 15 минг туп кўчат экилгани ҳосилдорликни икки бараварга ошириш имконини беради. Ҳар бир агротехник тадбир илмий ёндашув асосида олиб борилгани, янги навлардан фойдаланилгани, кўчатлар лаборатория шароитида етиштирилгани ҳосилдорликни оширди. Жамият томонидан 20 турдаги янги навлар тажриба сифатида экилди. Американинг “холлер” нави кўчатининг мустаҳкамлиги, касалликка чидамлилиги ва ҳосилдорлиги билан ажралиб турса, кичик ҳажмли Хитой навлари эса экспортбоплиги билан самарали бўлди. Сувни иқтисод қилиш, юқори ҳосилдорликка эришиш мақсадида томчилатиб суғориш тизими жорий этилди.
– Экиш мавсумида асосан замонавий илғор технологияларга таянган ҳолда суғориш ишлари олиб борилди, – деди агроном Шерали Мирзаев. – Полиз маҳсулотлари кимёвий ўғитларнинг камлиги ва асосан органик моддалардан фойдалангани билан ажралиб туради. Бундай табиий тарзда етиштирилган маҳсулотларга хорижий давлатларда ҳам қизиқиш катта. Уларнинг таннархи ҳам экспортёрлар томонидан баландроқ нархда сотиб олинмоқда. “Мирзачўл Агро Стар” МЧЖ томонидан тажриба тариқасида биринчи марта Кўкдала туманида тарвуз етиштирдик. Ўйлаганимиздан ҳам кўра яхшироқ ҳосил олдик. Гектаридан 50-60 тоннадан ҳосил етиштирдик. Ҳосилнинг 40 фоизини хорижга экспорт қилишни режалаштирганмиз.

Айни кунларда йиғим-терим ишлари қизғин паллага кирди. Органик усулда етиштирилган, кимёвий препаратлар деярли қўлланилмаган сифатли тарвузларни Россия, Қозоғистон, Қирғизистон давлатларига экспортга чиқариш бошланди.
– Тарвузлар ҳозирда Москва шаҳрига экспорт қилиняпти, – деди Абдурашид Бердимуродов. – 4-5 йилдан бери экспорт билан шуғулланамиз. Ҳар йили Кўкдала туманидан, Жиззахдан сифатли тарвузларни экспорт қиляпмиз. Бугун “Мирзачўл Агро Стар” ерларида етиштирилган сифатли тарвузларни Россияга экспорт қиляпмиз. Бугун йўлга чиқсак, беш кунда Россияга етиб борамиз. Ўзимизнинг полиз маҳсулотларимизни Россияга етказиб бераётганимиздан жуда мамнунмиз.
Дарҳақиқат, бугун Кўкдалада етиштирилаётган экологик тоза тарвузларга хориж давлатларидан талаб ва эҳтиёж ортаяпти. Хорижий компаниялар вакиллари, экспортёрлар ҳудудга келиб, ўзларининг таклифларини билдиришаяпти, шартнома асосида маҳсулотлар хорижга жўнатилаяпти.
Ушбу далаларда етиштирилган тарвузларнинг 4 минг тоннаси экспортга йўналтирилади, 6 минг тоннаси ички бозорга етказиб берилади. Айни кунларда 100 га яқин доимий ва мавсумий ишчилар ҳосил йиғим- теримида иштирок этишмоқда.
Шунингдек, Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида 16,7 миллиард сўм маблағ эвазига агромажмуа барпо этилиб, лаборатория, тажриба участкалари, бир гектар майдонда иссиқхона барпо этилди. 3 гектарлик тажриба майдонида 2 хил турдаги маҳаллий ва 4 турдаги Хитойдан келтирилган навлар етиштирилмоқда. Бир гектарлик замонавий иссиқхонада эса тўрт хил маҳаллий ва ўн турдаги Хитойнинг қовун-тарвуз навлари Ўзбекистон шароитида тажриба сифатида етиштирилди. Агротехника талаблари асосида парвариш қилинган полиз маҳсулотлари бугун пишиб етилиб, ички бозорга чиқарила бошланди.
Айни кунларда хорижий қовун-тарвузлар Қашқадарё ҳамда Жиззах вилоятларидаги йирик савдо мажмуаларининг савдо расталаридан ўрин олди.
– Савдо мажмуасига келиб, ўзимизнинг полиз маҳсулотлари пишиб етилганидан ва уларнинг жуда чиройли тарзда қадоқланиб савдога чиқарилганидан жуда мамнунмиз, – деди Камрон Абдураҳмонов. – Тарвузларнинг ҳажми жуда катта ҳам, кичик ҳам эмас. Нархи ҳамёнбоп. Қовун-тарвуз маҳсулотларини етиштирувчи “Мирзачўл Агро Стар” компанияси ҳақида эшитганман. Бу тарвузларни уйга олиб бориб, тановвул қилиб, кейин яна баҳосини берамиз. Бундай маҳсулотлар юртимиз харидорлари учун ҳам, экспорт учун ҳам жуда қулай.
Албатта, махсус тўр идишларга жойланган, кичик ҳажмдаги ва шунингдек турли рангдаги қовун-тарвузлар харидорларга манзур бўлмоқда. Ушбу маҳсулотларга талаб ва эҳтиёж ошаяпти.
Эндиликда қовун-тарвузларнинг ушбу хорижий навлари йил – ўн икки ой давомида иссиқхоналарда етиштирилиб, аҳолига етказиб бериш режалаштирилаяпти.
“Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти фаол қўллаб-қувватлаётган ушбу тадбиркорлик лойиҳаси халқимиз дастурхонининг тўкинлиги, ишбилармон, миришкор деҳқонлар меҳнатининг янада самарали бўлишида муҳим омилдир.
Н.Усмонова, ЎзА