Дастурхон тўкин, рўзғор файзли
Навоий вилоятининг Қизилтепа туманидаги Ҳасанча маҳалласида яратилаётган шароит ва имкониятлардан самарали фойдаланиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган ва бунинг орқасидан маҳалласи фаровонлигига, аҳоли бандлигини таъминлашга ҳисса қўшиб келаётган оилалар кўп.
Президентимиз раҳнамолигида оилавий бизнесни ривожлантириш орқали аҳолини иш билан таъминлаш, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бунда Ўзбекистон Республикасининг "Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонуни ва давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорлари муҳим дастуруламал бўлаётир. Бизнесни ташкил қилишнинг ушбу шакли миллий анъаналаримиз ва хўжалик юритиш фаолиятининг мавжуд ҳолатига тўла мос келади.
Навоий вилоятининг Қизилтепа туманидаги Ҳасанча маҳалласида яратилаётган шароит ва имкониятлардан самарали фойдаланиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган ва бунинг орқасидан маҳалласи фаровонлигига, аҳоли бандлигини таъминлашга ҳисса қўшиб келаётган оилалар кўп. Масалан, 57 оила тадбиркорлик билан шуғулланса, 5 фермер хўжалиги ердан мўл ҳосил олаётир. 48 оила ҳунармандчилик анъаналарини давом эттирмоқда, 36 оила касаначиликдан яхшигина даромад олмоқда.
– Президентимиз томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида маҳаллаларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигига кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди “Ҳасанча” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳусан Носиров. – Маҳалламиз аҳли бугунги кунидан кўнгли тўқ, фарзандлари келажагидан хотиржам ҳолда аҳил-тотув ҳаёт кечирмоқда. Исталган оилага кирсангиз, албатта, бирор меҳнат билан машғул эканига гувоҳ бўласиз. Шунинг ортидан дастурхони тўкин, оиласи тинч. Буларнинг барчаси мустақиллик шарофати, Юртбошимиз юритаётган оқилона сиёсатнинг самараларидир.
Аҳад Бердиёров “Халқ банки”нинг туман филиалидан 7,5 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, асаларичиликни йўлга қўйди. 20 асалари оиласини парваришлаб келаётган тадбиркор айни пайтда иккинчи ҳосилни йиғиштириб олди.
– Мамлакатимизда ишбилармонлар учун яратилаётган имконият ва имтиёзлардан фойдаланган ҳолда, шу ишни бошлаб кам бўлмадим, – дейди А.Бердиёров. – Ҳозиргача икки марта ҳосил йиғиб, бир миллион 200 минг сўм даромад олдик. Келгуси йили касб-ҳунар коллежини битирадиган ўғлим билан асаларичиликни янада кенгайтиришни режалаштирмоқдамиз.
Тилов Раҳимов балиқчилик ортидан яхшигина даромад олишни кўзламоқда. 2013 йил охирида “Микрокредитбанк”нинг туман филиалидан олинган 15 миллион сўмлик кредит тадбиркорга мадад бўлди. 2,5 гектарлик ҳавзада 5 минг балиқ парваришлашни бошлади. Уч фарзанди билан тадбиркорлик фаолиятини юритаётган ишбилармон жорий йилда янги йўналиш – балиқ инкубация цехини ташкил этди. Тадбиркор келгусида нон ва тикувчилик цехларини ташкил этиш ниятида.