Дарахтни экиш осон, уни парваришлаш қийин (+видео)
Бугун инсоният глобал таҳдид қаршисида турибди. Бу — иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммолар. Унинг асоратлари бутун сайёрамиз аҳолиси саломатлигига жиддий хавф солмоқда.
Сўнгги йилларда экологик кун тартиби мамлакатимизда устувор йўналишлардан бирига айланди. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, биологик хилма-хилликни сақлаш, “яшил” иқтисодиётга ўтиш ҳамда қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш йўналишларида концепция ва стратегиялар қабул қилинди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида экологик вазиятни барқарорлаштириш мақсадида бир қатор устувор вазифаларни амалга ошириш мақсад қилинган. Унга кўра, келгусида ҳар йили 200 миллион туп дарахт экиш ва республикада яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш, экиладиган ҳар бир дарахтни парвариш қилиш ва суғориш тизимини яратиш режалаштирилган. Мамлакат бўйлаб, 1 минг 984 та яшил боғ барпо этиш, шу жумладан 112 та йирик саноат корхонаси томонидан ўз ва туташ ҳудудларида уч йил давомида 30 миллион туп кўчатдан иборат “яшил белбоғ”лар барпо этиш белгиланган.
Шунингдек, республикада ўрмон билан қопланган майдонлар 6,1 миллион гектарга етказилади, дарахт ва бута уруғларини тайёрлаш 840 тоннага оширилади. Ўрмон фондининг тоғ ва тоғолди ҳудудлари плантациялари яратилади. Чўл ҳудудларида ўсимликлар кўпайтирилади. Иқлим ўзгариши салбий таъсирининг олдини олиш учун чўлланиш, қурғоқчилик, чанг-қум бўронлари ва ҳароратнинг кўтарилишига қарши чора сифатида жами 600 минг гектар майдонда “яшил қопламалар” — ҳимоя ўрмонзорлари ташкил этилади. Хавфли гидрометеорологик ҳодисалар тўғрисида барвақт огоҳлантиришлар даражаси 100 фоизга, тоғ дарёлари оқими прогнозларининг ишончлилиги даражаси 98 фоизга етказилади.
Бир гектар майдондаги дарахтлар бир кеча-кундузда 220-275 килограммгача карбонат ангидрид газини ютиб, 180-215 килограмм кислород ажратади. Бу миқдор ўртача 500 кишини кун давомида кислород билан таъминлашга етади. Бошқача айтганда, тўрт туп дарахт бир кишининг кислородга бўлган эҳтиёжини қондиради.
Қайд этиш лозимки, мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширила бошлаганига 2 йил бўлди. Шу даврда 1 минг 200 гектардан ортиқ яшил боғ ва истироҳат боғлари, кўча ва йўлаклар бўйлаб 1 миллион гектардан ортиқ яшил майдон барпо этилди.
Умид билан ерга қадалган ниҳол ўсиб азим дарахтга айланиши учун унга доимий парвариш, энг муҳими, суғориш тизими керак бўлади. Экилган ҳар бир кўчат тупроққа мослашиб, илдиз олиб кетгунича ернинг намлиги етарли бўлса, бу кўзлаган натижанинг ярмини нақд қилиб беради.
Ободонлаштириш бош бошқармаси Кўкаламзорлаштириш ва ирригация бўлими етакчи мутахассиси Алоуддин Низомовнинг сўзларига кўра, кўчатларни экишда агротехнинг тадбирларнинг ўз вақтида бажарилиши, суғорилиши, минерал озуқалар билан таъминланиши каби ишлар бўйича масъул ходимлар бириктирилган.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/SbleKmYc5mc?si=przbgZX6Rj7NqfuX" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Тошқораева,
ЎзА