Дарахтлар кесилиши кескин камайган
Ҳар қандай дарахтларни кесиш тақиқланади. Бу учун тегишли жавобгарлик ҳам белгиланган. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва ҳудудий назорат бошқармалари инспекторлари томонидан дарахтлар кесилишига йўл қўймаслик мақсадида доимий назорат-рейд тадбирлари олиб борилмоқда.
Бунинг натижасида ўтган йиллар давомида дарахтлар, хусусан, мораторийга киритилган қимматбаҳо дарахтлар кесилиши кескин камайган.
Қайд этиш лозимки, мавжуд қонунчиликка кўра, ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий эълон қилинган. 2022 йил 1 январдан дарахтлар кесилишига мораторий муддатсиз даврга узайтирилган.
Рақамларга тўхталадиган бўлсак, 2022 йилда қимматбаҳо дарахтларнинг ноқонуний кесилиш ҳолатлари 1 минг 669 тани ташкил қилиб, 2021 йилга нисбатан 2 минг 513 тага ёки 61 фоизга камайган. 2023 йилда эса қимматбаҳо дарахтларнинг ноқонуний кесилиш ҳолатлари 1 минг 97 тага етиб, 2022 йилга нисбатан 572 тага ёки 35 фоизга қисқарган.
Ўтган 2024 йилга келиб қимматбаҳо дарахтларни ноқонуний кесиш ҳолатлари 1 минг 98 тани ташкил қилган. Шунингдек, жамоатчилик назорати ва профилактика тадбирлари доимий олиб борилиши натижасида ўтган йил давомида 142 минг 135 туп қимматбаҳо дарахт, 492 минг 136 туп кам қимматли дарахт, жами 634 минг 271 туп дарахт кесилишининг олди олиниб, уларнинг яшовчанлиги сақлаб қолинган.
Бу борадаги рейд тадбирлари давом эттирилмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА