Дарахт бир жойда кўкаради…
Халқимизнинг бу ибратли нақли спорт акробатикаси бўйича Самарқанд вилоят терма жамоаси бош мураббийи, вилоят гимнастика бўйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби мураббийси Хайрулла Жўраевнинг ҳаётий шиорига айланган.
Халқимизнинг бу ибратли нақли спорт акробатикаси бўйича Самарқанд вилоят терма жамоаси бош мураббийи, вилоят гимнастика бўйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби мураббийси Хайрулла Жўраевнинг ҳаётий шиорига айланган.
Мураббийнинг 22 йиллик меҳнат фаолияти самараси шогирдларининг муваффақиятида ўз ифодасини топмоқда. Жумладан, спорт акробатикасининг мураккаб бўлган тўртлик гуруҳи баҳслари бўйича шогирдлари Дониёр Ҳафизов, Диёр Камолиддинов, Шаҳзод Жумақулов ва Абдулла Наимов тўртлиги 2017 йил Қозоғистонда ўтказилган Осиё чемпионатида биринчи ўринни эгаллади. Ўтган давр мобайнида Хайрулла Жўраев шогирдлари турли халқаро мусобақаларда ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олиб келмоқда. Айни пайтда у шогирдларибилан спорт акробатикаси бўйича мамлакатимизда илк бор ташкил этилаётган XI Осиё чемпионатига тайёргарлик кўрмоқда.
– Спорт акробатикаси Олимпиада спорт турларига кирмагани учун дунё миқёсида ҳам бироз эътибордан четда, – дейди мураббий. – Аммо бу спорт турига бўлган қизиқиш ёшлар ўртасида юқори. Айниқса, ушбу спорт турининг 2017 йилдан Ўсмирлар олимпиадаси мусобақаларига киритилгандан сўнг қизиқиш янада ортди. Ҳозирги кунда ўттиздан ортиқ ёшлар спорт акробатикаси билан шуғулланмоқда. Тўртлик гуруҳи баҳслари бўйича вилоят жамоаси республикада кучли ҳисобланади. Буни ўтган халқаро мусобақаларда бир неча бор исботладик. Яқинда Россияда ўтказилган халқаро мусобақада ҳам ушбу йўналишда иккинчи ўринни эгалладик. Айни пайтда бор эътиборимиз жорий йил 10-12 октябрь кунлари Тошкентда ўтказиладиган спорт акробатикаси бўйича XI Осиё чемпионати ва ноябрь ойида ўтадиган Ўзбекистон кубоги баҳсларига қаратилган.
Хайрулла Жўраевнинг тўрт нафар шогирди 2018 йилда халқаро тоифадаги спорт устаси талабини бажарди.