Дам олиш максанлари мавсумга шай
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Тошкент вилояти ва Бўстонлиқ тумани ҳокимликлари томонидан ички туризмни ривожлантириш, ёзги дам олиш мавсуми учун яратилган имкониятлар билан яқинроқ таништириш мақсадида оммавий ахборот воситалари учун пресс-тур ташкиллаштирилди.
Чорвоққа Тошкентдан автобусда...
Куни кеча Транспорт вазирлиги томонидан пойтахтдан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманига график асосида қатновчи автобуслар ҳаракати йўлга қўйилгани ҳақида хабар берилганди. Пресс-тур иштирокчилари ушбу йўналишга қўйилган, замонавий, қулайликларга эга автобусда йўлга тушишди. Маълумот учун, автобуслар “Машинасозлар метро бекати – Чорвоқ” йўналишида ҳар куни учта график асосида ҳаракатланади. Қатнов масофаси 75 км бўлган йўналишда йўловчилар белгиланган манзилга 1 соат 10 дақиқада етиб боради.Автобуслар Машинасозлар метро бекатидансоат 7:00, 13:00 ва 18:00 да жўнайди. Чорвоқданэса 6:00, 11:00 ва 16:00 ҳаракатланади. Қатновлар “Yutong” корхонасининг автобусларида амалга оширилиб, йўл кир нархи 15 000 сўмни ташкил этмоқда.
“Меҳмон уйлари” фойдаланиш учун топширилди
2022 йил 26 июлда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан туризм соҳаси субъектлари учун яратилган шарт-шароитларни янада яхшилаш ҳақида қабул қилинган қарорига асосан юртимиз бўйлаб “оилавий меҳмон уйлари” фаолияти йўлга қўйилмоқда. Пресс-тур давомида Тошкент вилоятидаги ана шундай “меҳмон уйи”нинг очилиш маросими ўтказилиб, масъуллар томонидан уй эгаларига фахрий ёрлиқлар топширилди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари ушбу лойиҳа масъуллари, мезбон уй эгалари ва “меҳмон уй”да яратилган имкониятлар билан яқиндан танишишди.
[gallery-12292]
Маълумот учун, меҳмон уйини ташкил этиш фаолияти билан шуғулланадиган тадбиркорлик субъектларига бир қанча солиқ имтиёз ва преференциялар:
- юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод қилиш;
- ижтимоий солиқни камайтирилган ставкада 1 фоиз миқдорида белгилаш (аслида 12 фоиз) ҳақида батафсил маълумот берилди.
Агар меҳмон уйи ташкил этиш учун ўз маблағларингиз етарли бўлмаса, банклар оилавий меҳмон уйлари ва ҳостеллар ягона реестрига киритилган хусусий тадбиркорлар ва оилавий тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ташкил этиши (турар-жойни таъмирлаш, жиҳозлаш) учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баробаригача миқдорда (73 500 000 сўмгача), беш йил муддатга, шу жумладан икки йиллик имтиёзли давр билан кредитлар ажратмоқда.
“Чотқол бола” болалар оромгоҳи
Ёз мавсуми бошланиши билан мамлакатимиз бўйлаб ўқувчиларнинг ёзги таътилларини мароқли ўтказишлари учун болалар оромгоҳлари ўз фаолиятини бошлаб юборишади. Пресс-турнинг навбатдаги манзили Бўстонлиқ тумани Юсуфхона қишлоғида жойлашган “Чотқол” болалар соғломлаштириш оромгоҳи бўлди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари оромгоҳда ўқувчиларнинг таътилни мазмунли ўтказиши, саломатлигини мустаҳкамлаши, билим ва дунёқарашини янада бойитиши учун яратилган барча имкониятлар билан яқиндан танишишди.
“Чотқол” болалар соғломлаштириш оромгоҳи 500 ўринга мўлжалланган бўлиб, малакали тиббиёт ходимлари ва педагоглар томонидан оромгоҳда болажонларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш, таълим-тарбия ва соғломлаштириш ишлари юқори даражада олиб борилади. Дам олувчиларни кунига 5 маҳал сифатли озиқ-овқат ва мевалар билан таъминлаш йўлга қўйилган. Футбол, волейбол, баскетбол, бадиий гимнастика, шахмат-шашка, стол тенниси, сузиш ва бошқа спорт турлари билан шуғулланиш имкониятига эга.Ёш китобхон, хорижий тиллар, мусиқа, расм ва бошқа тўгараклар машғулотлари болаларга манзур бўлмоқда.
“Ҳумсон булоқ”, “Севарсой” ва “Арчазор” соғломлаштириш оромгоҳлари
Ички туризмни ривожлантириш мақсадида юртимиз бўйлаб соғломлаштириш ва курорт-зоналар сонини кўпайтириш, уларнинг сифати ва хизмат кўрсатиш сервисларига масъул ташкилотлар томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шундай масканлардан бўлган “Ҳумсон булоқ”, “Севарсой” соғломлаштириш маркази ва “Арчазор” курорт-зонаси юртдошларимиз ва юртимиз меҳмонларининг мароқли дам олишлари учун қулай шароитларга эгалиги билан ажралиб туради. Пресс-тур давомида журналистлар ушбу дам олиш зоналарига ташриф буюриб, мароқли ҳордиқ ва саломатликни мустаҳкамаш учун барча зарур шароит ва қулайликлар, хизмат турлари ва нархлари билан батафсил маълумотга эга бўлишди. Соғломлаштириш оромгоҳларида бир кунлик дам олиш бир киши учун ўртача – 2 млн сўмдан 5 млн сўмгача ташкил этмоқда. Ушбу оромгоҳларда нафақат нафас олиш тизими касалликлари, балки асаб, аллергик, юрак қон-томир ишемияси касалликлари бўлган инсонлар учун ҳам самарали даволаш хизматлар яратилган бўлиб, дам олувчиларга махсус тайёргарликдан ўтган юқори малакали мутахассислар хизмат кўрсатади.
Пресс-тур сўнггида журналистлар яна ўша янги йўналиш Тошкент-Чорвоқ-Тошкентга қўйилган замонавий автобусда ортга қайтилди. Хулоса қилиб айтилганда, дам олиш масканлари хорижий меҳмонлар, юртдошларимиз ва болажонлар ёзги таътилни мароқли ўтказишлари учун шай.
М.Турдалиева,
Д.Эрназаров (сурат), ЎзА