Даладан хориж бозорига
Сурхондарё вилояти деҳқонлари 2015 йилда 60 миллион долларга яқин қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини хорижга экспорт қилди.
Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалигини иқтисодий рентабелли тармоққа айлантириш, фермерлик ҳаракатини изчил ривожлантириш, аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самаралар бермоқда.Сурхондарё вилояти деҳқонлари 2015 йилда 60 миллион долларга яқин қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини хорижга экспорт қилди.
Вилоят деҳқонлари турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, аҳолини сифатли ва сервитамин озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашда бой тажрибага эга. Ўзига хос қулай иқлим ва тупроқ шароитига эга воҳада бир йилда икки-уч марта ҳосил олиш имконияти мавжуд. Бундан унумли фойдаланаётган омилкор фермерлар салмоқли ютуқларга эришмоқда, эҳтиёждан ортиқ маҳсулотни экспорт қилиб, қўшимча даромад олмоқда.
Сариосиё туманидаги кўп тармоқли “Абдураҳмон-Абдуғаффор-Давр” фермер хўжалиги миришкорлари қатор йиллардан буён мева, узум, сабзавот, полиз ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини хорижга экспорт қилиб келади. 30 гектардан ортиқ майдонда узум, гилос, нок парваришлаётган фермер 10 гектарлик интенсив боғда серҳосил олма етиштирмоқда. Пахта ва ғалла етиштириш бўйича ҳам шартнома мажбуриятларини ортиғи билан адо этади. Тажрибали миришкор боғдаги бўш ерлар ва ҳосилдан бўшаган майдонларнинг бир қисмига карам, қизил лавлаги, мош ва бошқа турли зироатлар экиб, маҳсулотнинг маҳаллий бозордан ортганини хорижга экспорт қилишдан ҳам яхши даромад олаётир.
– Қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган оқилона сиёсат туфайли бозорларимиз қишин-ёзин сархил ноз-неъматлар билан тўла, – дейди “Абдураҳмон-Абдуғаффор-Давр” фермер хўжалиги раҳбари Абдуғаффор Аҳмедов. – Табиий озиқ-овқат маҳсулотлари таъминоти жаҳон миқёсида тобора муаммога айланаётган бир пайтда, Ўзбекистонимизда уни экспорт қилиш ҳажмини янада ошириш имконияти мавжудлиги халқимизнинг эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамламоқда. Ўтган йили хорижлик буюртмачиларимизга 5 миллион 400 минг долларлик мева-сабзавот, мош, полиз маҳсулотлари етказиб бердик.
Маҳаллий бозордан ортган маҳсулотининг экспортини кенгайтириш учун фермер тижорат банкининг 2 миллиард 275 миллион сўм кредит маблағи ҳисобидан икки ярим минг тонна сиғимга эга замонавий мева сақлаш омбори барпо этди. Айни пайтда замонавий омборда сақланган олма, узум, хурмо ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари арзон нархларда бозорга чиқарилаётган бўлса, бир қисми экспорт қилинмоқда. Жорий йилнинг дастлабки ойида хорижлик буюртмачиларга 120 тонна карам, 30 тоннага яқин сархил мева жўнатилди.
Бир гектардан ортиқ майдондаги замонавий иссиқхонада парваришланаётган лимон кўчатлари баравж ривожланмоқда. Кўчат қатор ораларида етиштирилаётган турли озиқ-овқат экинларидан қўшимча даромад олинмоқда. Фермер келгусида маҳсулот экспортини янада кўпайтириш, олинадиган даромаддан қишлоқда замонавий қайта ишлаш корхонаси барпо этиш, энг муҳими, ўнлаб хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлигини таъминлашни режалаштирмоқда.
Буларнинг барчаси юртимиздаги тинчлик-осойишталик, халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самараларидир.