Бугунги кунда юртимизнинг барча ҳудудларида уч йил аввал бошланган “Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида кўчат экиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Айни пайтда Навоий вилоятида ҳам дала четлари ва зовурлар атрофидаги ҳудудлардан самарали фойдаланиш мақсадида турли мевали дарахт кўчатлари ўтқазиш ва сабзавотлар экиш чоралари белгиланмоқда. Ушбу жараёнда вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ходимлари ҳам фаол иштирок этиб, жами 10 минг донага яқин турли дарахт кўчатлари ўтқазди ва ушбу хайрли ишга ўз ҳиссасини қўшмоқда.
2024 йил 28 ноябрь куни Давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган мева-сабзавот етиштириш, қайта ишлаш ва экспортини кўпайтириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида бугунги кунга қадар фермер хўжаликларининг дала четлари, коллектор ва дренажлар атрофидан фойдаланиш имконияти бўлсада, самарали фойдаланилмасдан қолаётган ерлар мавжудлиги хусусида сўз юритилиб, олиб борилаётган ишларга танқидий баҳо берилди. Натижада ҳар бир маҳалла, хонадон ва фермер хўжалигига Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ходими бириктирилиши белгиланиб, дала четларидан самарали фойдаланишни тизимли ташкил этиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Ушбу топшириқларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Навоий вилоятида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси тизими ходимлари томонидан фермер хўжаликларининг дала четлари, коллектор ва дренажлар атрофида фойдаланиш имконияти мавжуд бўлган ҳудудлар ўрганиб чиқилмоқда.
– Вилоятимизда 749 та фермер хўжаликларининг дала четларида фойдаланиш имконияти мавжуд бўлган 255,4 гектар, коллектор зовурлар атрофида эса 330,7 гектар майдон мавжуд, – дейди бошқармаси бош мутахассиси Охунжон Облоқулов. – Бугунги кунда ушбу 586,1 гектар фойдаланиш имконияти бўлган ерларда аччиқ гилос, олхўри, ўрик ва бошқа турдаги мевали дарахт кўчатларини экиш орқали “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасидаги кўкаламзорлаштириш ишларининг натижадорлигини ошириш билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни ривожлантириш чора-тадбирлари белгилаб олинди.
Шу мақсадда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ва вилоят Прокуратураси ҳамкорлигида Навбаҳор туманининг Пахтакор маҳалласи ҳудудида амалий семинар ташкил этилиб, унда иштирокчиларга кўчатларни етказиб бериш, сифатли уруғликлар билан таъминлаш, экилган кўчатларни мавсум давомида зарарли организмлардан ҳимоялаш борасида бепул маслаҳатлар бериб борилиши тушунтирилди.
Шунингдек, семинарда кўчатларнинг ривожланишида озуқа моддаларининг етишмовчилигини олдиндан аниқлаш мақсадида вилоят Агрокимёвий таҳлил маркази ходимлари ўрнатилган тартибда жалб этилиши ва энг асосийси, ушбу йўналишда меҳнат қилаётган хўжалик юритувчи субъектлар ҳуқуқлари прокуратура органлари томонидан муҳофаза қилиниши, бу борада давлат томонидан белгиланган имтиёзлар тўғрисида маълумотлар берилди.
Семинар сўнггида иштирокчилар кўчат экиш ишларида қатнашди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири