БМТ Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси Томонлари конференциясининг 29-сессияси (COP29) доирасида Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси вакили Марко Арселли ўз фикрларини билдирди:
– Дунё етакчилари иқлим ўзгариши билан боғлиқ долзарб муаммоларни муҳокама қилиш учун йилига бир марта йиғилади. Жорий йил COP29да ривожланаётган иқтисодий бозорларда молиялаштиришга катта эътибор қаратилмоқда. Асосий савол туғилади: зарурий ҳудудларга капитал қандай жалб қилинади? Бошқа муҳим мавзулар орасида сувни тузсизлантириш ва яшил водород ва яшил аммиак каби янги энергия манбалари ҳам бор. Бу каби масалаларни биргаликда муҳокама қилиш жуда муҳим.
Аксарият ҳолларда Ўзбекистонни декарбонизация соҳасидаги етакчи мамлакат сифатида кўрсатиб берамиз. “Aquaponics” компанияси қайта тикланадиган энергия манбаларини қуриш учун мамлакатни йирик инвестициялар – яқин бир неча йил ичида қарийб 15 миллиард доллар билан қўллаб-қувватламоқда. Бунга кам эмиссияга эга бўлган газ билан ишлайдиган комбинацияланган циклли электр станцияларини тармоққа бирлаштириш учун батареяларни сақлаш сингари вазифалар киради.
Ўзбекистон инвесторлар билан очиқ мулоқот ва тезкор қарорлар қабул қилиш билан ажралиб турадиган истиқболли етакчиликнинг кейс-стади бўлиб хизмат қилади. Ҳозирги вақтда у дунёдаги энг йирик декарбонизация дастурларидан бирига раҳбарлик қилмоқда.
Жаҳон ҳамжамияти иқлим ўзгариши кун тартиби доирасида декарбонизация ҳақида узоқ вақтдан бери гапириб келмоқда. Тан олиш керакки, келажакда бўлсада, углерод чиқиндиларини камайтириш анча қимматга тушадиган лойиҳа.
Гувоҳ бўляпмизки, Ўзбекистон тендерлардан фойдаланиш орқали стратегик ёндашувни қўлламоқда. Бу нархларни яхши назорат қилиб, миқёсини, тезлигини таъминлаган ҳолда ҳар томонлама музокараларни осонлаштиради. Агар жараён жуда секин бўлса, одамлар унинг муваффақиятига ишонмайди. Биз одамларни бу трилемма (бир хил даражада номақбул учта вариантдан бирини танлаш) эмас, балки квадрилемма эканига ишонтиришимиз керак. Биз барқарорлик, арзонлик, хавфсизлик ва тезкорликни ҳисобга олишимиз керак. Бу борада тезроқ ҳаракат қилиш талаб этилади.
Муҳайё Тошқораева ёзиб олди.
ЎзА