“Chust Textile” маҳсулотлари Европага экспорт қилинмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Чуст туманидаги “Chust Textile” тўқимачилик ва тикувчилик корхонаси ангар услубидаги меъморий лойиҳа асосида қуриб, ишга туширилган.
Икки мингта иш ўрни яратилган корхонада асосан, Чуст ва атроф туманлар ёшлари, хотин-қизлар касб ўрганиб ишламоқда.
Корхонага мустаҳкам, аммо энг нозик иплардан трикотаж матолар тўқийдиган ускуналар Европадан келтирилган. Матонинг сифатини кўздан кечирадиган компьютер бошқаруви ва назоратидаги жараён Европа меъёрларига асосланган. Трикотаж матони оқлаш, кейинчалик ранг бериш, яъни бўяш Европанинг сўнгги русум технологияси ва жиҳозларида амалга оширилмоқда. Бу ердаги лаборатория майин матодаги ҳар бир толани оптик текширувдан ўтказади ва ранг уларга бир текис сингдирилишини кўрикдан ўтказади.
[gallery-10445]
Тайёр маҳсулот тўлиғича Европага экспорт қилинмоқда. 2022 йилда экспорт ҳажми 20 миллион долларга етди. Шунингдек, Америка ва Канадада ҳам Чустда тўқиб тикилган трикотаж маҳсулотлари сотилмоқда.
12 гектар майдонни эгаллаган ҳудуддаги ўндан ортиқ бўлинмаларнинг барчаси бир хил – ангар, яъни эгилувчан ёйсимон рух тунукадан бунёд этилган. Бунда биринчидан қурилиш муддати 4 мартагача қисқарган, таннархида эса 6 миллион доллар тежаб қолинган. Эътиборлиси, Марказий Осиёда бу каби саноат иншооти ҳозирча бошқа йўқ. Тадбиркор Дилшод Исматуллаевга айнан шу лойиҳаси учун “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ихтирочи ва рационализатор” фахрий унвони берилган.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА