Чуқурлаштирилган тиббий кўриклар давом этмоқда
Бухоро вилоятида “Инсон қадри учун” шиори доирасидаги чуқурлаштирилган тиббий кўриклар давом этмоқда. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали директори М.Ражабов бошчилигидаги филиалининг 31 нафар турли соҳа мутахассислардан ташкил топган ишчи гуруҳнинг навбатдаги тиббий кўриги ва амалий-услубий ёрдам акциялари Пешку туманида ўтказилди.
Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази Бухоро филиали билан узвийлик ва ўзаро алоқа олиб бориш, туман мутахассисларини тажриба орттиришига кўмаклашиш, беморларга тиббий ёрдам стандартларига мувофиқ маслаҳат ва диагностика, даволашни амалга ошириш борасидаги ишлар кўриб чиқилди.


– Туманда филиал мутахассислари томонидан дастлабки куннинг ўзида 261 нафар фуқаро чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди, – дейди филиали директори М.Ражабов. – Шулардан 78 нафарида турли йўналишдаги касалликлар, жумладан, 70 фоизидан ортиғида терапевтик, 20 фоизида хирургик соҳадаги ва 7 фоизида гинекологик ҳамда 3 фоизига яқин болаларда педиатрлик касалликлар мавжудлиги аниқланди.
Шунингдек, туман тиббиёт бирлашмаси ва кўп тармоқли поликлиника билан аниқланган беморлар рўйхати шакллантирилди. Туман, вилоят миқёсидаги даволаш муассасаларида уларни соғломлаштириш режалари тузилди. Бу орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, аҳолининг тор мутахассислар ва бирламчи бўғини орасида самарали интеграция механизмларини жорий қилиш ҳамда беморларнинг тиббий маданияти ошишига эришиш мақсад қилинган.



Зариф Комилов, ЎзА мухбири.