Чорвачилик: ташаббуслар қўллаб-қувватланмоқда
Юртимизда чорвачилик тармоғини жадал ривожлантириш, соҳада замонавий ва инновацион услубларни жорий этиш орқали маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва уларнинг турларини кенгайтириш, шунингдек, аҳолини маҳаллий шароитда ишлаб чиқарилган сифатли гўшт, сут ҳамда бошқа шу турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Президентимизнинг 2020 йил 29 январдаги “Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ҳам соҳа ривожи, жумладан, чорвачиликка ихтисослашган корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Хоразм вилояти божхона бошқармаси бошлиғи М.Кличев бошчилигидаги ишчи гуруҳ иштирокида “Тўмарис Нур” чорва фермер хўжалигида ўтказилган тадбирда шулар ҳақида сўз борди. Учрашувда тадбиркорларга божхона соҳасида яратилаётган шароитлар, имтиёзлар, божхона расмийлаштируви жараёнларининг соддалаштирилаётгани ва соҳада янги қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди.
Амалдаги тартибларга кўра, қорамол импорти халқаро кредит линиялари орқали олиб келинган ҳолларда божхона тўловларидан озод қилинади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Божхона кодекси ва Президентимизнинг жорий йил 8 февралдаги “Чорвачиликни янада ривожлантириш ва чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига асосан тадбиркорлик субъектлари томонидан ўрнатилган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича хориждан олиб келинадиган, ишлаб чиқарилганига 5 йилдан ошмаган озуқа экинларини экиш, йиғиш ва озуқа тайёрлаш қишлоқ хўжалиги техникалари, уларнинг бутловчи буюмлари ва эҳтиёт қисмлари, истисно тариқасида, 2025 йил 1 мартга қадар божхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) ва утилизация йиғимидан озод қилинади. Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектларига “Эркин муомалага чиқариш” божхона режимига жойлаштирилган санадан бошлаб қўшилган қиймат солиғини 180 кунгача бўлган муддатга кечиктириб тўлашга рухсат берилади.

Хоразм вилояти Урганч туманидаги “Тўмарис Нур” чорва фермер хўжалигида илмий ёндашув ва илғор замонавий технологиялар асосида сут ва озуқа-ем етиштирилади. Мазкур фермер хўжалиги ҳам яратилаётган имтиёзлардан самарали фойдаланмоқда. Айни дамда чорва хўжалигида 1 минг 145 бош зотли сигир боқилмоқда. Ҳозирда 70 нафар хотин-қиз доимий ва мавсумий иш билан таъминланган. Мазкур чорва комплекси чўл зонасида ташкил этилган бўлиб, чорва моллари озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида 2021 йилда жами 4 минг тонна омухта ем ишлаб чиқарилган. Шунингдек, 350 гектар шўр босган ерларда маккажўхори етиштирилмоқда.
Тадбирда чорвачилик соҳасини ислоҳ қилиш, соҳада бозор муносабатларини кенг жорий қилиш, чорвачилик маҳсулотларини етиштирувчи, қайта ишловчи ва сотувчи тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш, инвестицияларни жалб қилиш, ресурстежамкор технологияларни жорий этиш орқали чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчиларни замонавий техникалар билан таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА