Чорвачилик соҳасига Хитой технологиялари жорий этилади
Хитойда бўлиб ўтаётган йигирма олтинчи халқаро чорвачилик кўргазмаси доирасида Ўзбекистон ва Хитой ўртасида соҳани тубдан ривожлантиришга қаратилган муҳим келишувларга эришилди. Унга кўра, юртимизда чорва молларининг генетик салоҳиятини ошириш мақсадида сунъий уруғлантириш, эмбрион трансплантацияси ва генетик ресурслар алмашинуви бўйича ХХР билан кенг кўламли ҳамкорлик йўлга қўйилади. Шунингдек, Хитойдан Ўзбекистонга импорт қилинадиган наслли қорамоллар сонини сезиларли даражада ошириш кўзда тутилмоқда.
Халқаро кўргазма доирасида имзоланган ҳужжатларга асосан, озуқа-ем маҳсулотлари ва махсус озуқа қўшимчаларини ишлаб чиқариш, шунингдек, ветеринария дори воситалари, вакциналар ва биопрепаратларни ишлаб чиқариш ҳамда уларни синовдан ўтказиш бўйича замонавий қўшма корхоналар ва юқори технологик лабораториялар ташкил этилади. Бундан ташқари, мамлакатимизнинг табиий-иқлим шароити, жумладан, чўл ва қурғоқчил ҳудудларига мос бўлган, юқори ҳосилдор ва кам сув талаб этадиган истиқболли озуқа ўсимликларини етиштириш бўйича икки томонлама илмий-амалий ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Музокараларда соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Унга кўра, республикамиз ветеринария тизими ходимлари ҳамда чорвачилик соҳаси мутахассислари Хитойнинг илғор чорвачилик фермалари, етакчи илмий-тадқиқот муассасалари ва йирик қайта ишлаш корхоналарида мунтазам равишда малака оширади.

Рақамлаштириш жараёнлари доирасида чорва молларини озиқлантириш ва уларнинг соғлиғини рақамли мониторинг қилиш бўйича энг замонавий технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этиш, биотехнология ва ветеринария назорати соҳаларида тизимли тажриба алмашиш механизми ишлаб чиқилади. Шунингдек, истиқболдаги қўшма лойиҳалар доирасида юртимизда сут ва гўшт маҳсулотларини чуқур қайта ишловчи янги қувватларни ташкил этиш белгилаб олинди.
ЎзА