Чорвачилик соҳасида янги техникалар яратилмоқда
Қайси соҳада янгиликларга кўп қўл урилса, мутахассислар изланишлар олиб борса натижалар ҳам шунга мос бўлади.
Чорва наслчилиги, озуқа базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ташаббуслар ҳам эътиборга молик. Хусусан, жорий йилда юртимиз олимлари чорвачиликда кенг қўлланиладиган янги техника – чорва озуқасини самарали аралаштирувчи ускунани яратишди.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ахборот хизматининг хабар беришича, мазкур ускуналар Бухоро, Фарғона, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлардаги тажриба олиб борилаётган хонадонларга етказиб берилди.

Қўмита ҳузуридаги Чорвачилик ва паррандачилик илмий тадқиқот институти олимлари Жанубий Корея республикасининг KOPIA маркази билан ҳамкорликда синов тариқасида қорамол озуқасини эзиб аралаштирадиган 4,5 метр куб ҳажмли бешта минимиксер техникасини ишлаб чиқди.
Ушбу техникада хонадонларда “Умумий аралашма озуқаларнинг жамланма рациони” асосида озуқа тайёрлаш йўлга қўйилди. Бундан ташқари, ҳар бир вилоятга озуқани майдалаш учун электр токига ишлайдиган майдалагичлар олиб берилди.
Изланишлар давомида хонадонларга мўлжалланган электр токига ишлайдиган 1,2 метр куб ҳажмли минимиксер техникаси ҳам яратилди. Айни кунларда ана шундай ускуналардан биттаси Чорвачилик ва паррандачилик илмий тадқиқот институти тажриба хўжалигида, яна биттаси аҳоли хонадонларида синовдан ўтказилмоқда.
Олимлар томонидан ушбу аралаштиргичга патент олиш учун Интеллектуал мулк агентлигига ҳужжатлар тақдим қилинди.
И.Аввалбоев, ЎзА