Чорвачилик соҳасида ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
Фақат биргина соҳа ривожи билан мамлакат тараққиётига эришилмаслиги бот-бот таъкидланади. Шу маънода юртимизда барча соҳаларда бирдек туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўсишнинг ижобий тус олиши учун халқаро ҳамкорликлар мунтазам йўлга қўйилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг “Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси ўринбосари Фахриддин Бобоев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Германия ва Австрия давлатларида хизмат сафарида бўлди.

Сафар давомида Германиянинг “John Deere”, Австриянинг Қишлоқ хўжалиги кластерлари ассоциацияси, “Rinderzucht Austria”, “Genetic Austria”, “Fleckvieh Austria” каби етакчи компания ва таълим муассасаларида учрашувлар ўтказилди.

Мулоқот чоғида чорвачилик, наслчилик, озуқа ишлаб чиқариш, гўшт ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш, ҳайвонотга мансуб маҳсулотлар савдосини ривожлантириш ҳамда мутахассисларнинг малакасини ошириш бўйича келишувларга эришилди.

Жумладан, “John Deere” ва “Pottinger” компаниялари билан замонавий қишлоқ хўжалиги техникаларини жорий этиш, сервис инфратузилмасини ривожлантириш, кадрлар малакасини ошириш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилди. Шунингдек, “Ўзагролизинг” АЖ ва “John Deere Financial” компанияси ўртасида 10 миллион евро миқдоридаги молиялаштириш линиясини очиш бўйича келишув имзоланди.

Бундай ҳамкорликлар халқимиз фаровонлиги учун муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Шербек Исломов, ЎзА