Чорвачилик ривожи фаровонлик омили
Аҳоли, деҳқон ва фермер хўжаликларидаги чорва моллари наслини яхшилашнинг ягона усули сунъий уруғлантириш тизимини яхши йўлга қўйишдир.
Бу чорва молларининг маҳсулдорлигини ошириш, пировардида даромадни кўпайтириш ҳисобига аҳоли фаровонлиги юксалишига хизмат қилади. Ҳозирги кунда бу борада Қорақалпоғистон Республикасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Чорвачилик тармоғини жадал ривожлантириш, яйлов ва пичанзорлардан самарали фойдаланиш ҳисобига аҳолининг чорвачилик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлаш даражасини яхшилаш ҳамда даромадини оширишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 ноябрдаги "Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик тармоқларини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур қарорда чорва молларини саноат усулида боқиш учун суғориладиган ерлар ҳамда уларни ҳайдаб боқиш учун пичанзор ва яйловлар, чорвачилик мажмуалари, чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш, омухта ем ишлаб чиқариш мақсадида бино ва иншоотлар қуриш учун, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер участкаси бўлмаган тақдирда, унумдорлиги паст суғориладиган ер участкаларини танлов ва аукцион ўтказмасдан, комиссиянинг тавсиясига асосан ажратилиши қайд этилган. Яъни, фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан бир вақтнинг ўзида компенсация билан биргаликда кафиллик ҳам берилади.
–Чорвачиликнинг энг асосий тармоғи бўлган қорамолчиликни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири, бу ҳар бир туманда ихтисослашган хўжаликларни ташкил этишдир, – дейди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл тумани бўлими катта инспектори Ислом Байниёзов. – Уларда чорва моллари наслини яхшилаш ҳисобига маҳсулдорлигини ошириш, озуқа базасини яратиш, сервис хизматлари кўрсатишни такомиллаштириш, ишлаб чиқарилган маҳсулотларни қайта ишлаш ва тизимли равишда истеъмол учун етказиб бериш йўлга қўйилади.
Жумладан, жорий йилда Тўрткўл туманига чет давлатлардан жами 917 бош наслли қорамол олиб келиш режалаштирилган эди. Шундан тижорат банклари томонидан 140 минг 800 евро ва 11 миллиард 150 миллион сўм миқдорида кредит маблағи ажратилиб, 8 та чорва ва деҳқон фермер хўжалиги ҳамда бошқа турдаги тадбиркорлик субъектлари томонидан 969 бош наслли қорамол олиб келинди.
Бундан ташқари тумандаги “Қуролбек Омад” чорвачиликка ихтисослашган деҳқон хўжалигига 33 бош, “Давронбек Акбар чорваси” деҳқон хўжалигига 31 бош “симментал” зотли қорамол, “Райхон Бону” фермер хўжалигига 450 бош наслли қўй олиб келинди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 майдаги “Чорвачилик тармоғига давлат томонидан субсидия ажратишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида тумандаги “Уллубоғ чорва комплекси” наслчилик фермер хўжалигига, “Тўрткўлли Аҳрорбек”, “Қуролбек Омад” фермер хўжаликларига, “Давронбек Акбар чорваси” деҳқон фермер хўжалиги, “Худайберган Шодия” ҳамда “Тўрткўл озиқ-овқат савдоси” масъулияти чекланган жамиятларига наслли чорва моллари олиб келиш бўйича субсидия маблағи ажратилди.
Инспекциянинг Тўрткўл тумани бўлими томонидан чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларига наслчиликни ривожлантириш ва бошқа йўналишларда амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА