Чорва бору ер йўқ, ер бору чорва йўқ
Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолини чорвачилик маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, чорвачилик ва унинг тармоқларида ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Маълумотларга кўра, юртимиздаги мавжуд чорва моллари озуқа экинлари учун ажратилган ер майдонларига нисбатан икки баробар кўп. Бу эса чорва учун озуқа етиштиришда қатор муаммоларни келтириб чиқаради.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шерзод Раҳимов қуйи палатанинг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг ахбороти эшитувида қуйидагиларни таъкидлади:
— Чорвачилик соҳасида озиқ-овқат базасини мустаҳкамлаш, табиий ресурслардан, хусусан, ер майдонларидан самарали фойдаланиш муҳим масалалардан. Биз халқ вакиллари жойларга чиққанимизда айрим фермер хўжаликлари вакиллари озуқа экин ерлари масаласида кўплаб мурожаатлар қилишади. Шундай фермер хўжаликлари борки, уларда наслли, зотдор моллар парваришланади, аммо озуқа экин ер майдони етарли эмас ёки умуман йўқ. Аммо ўнлаб гектар, 100-200 гектар экин ер майдонларига эга чорвадор фермер хўжаликларида чорва моллари эгаллаб турган ерига нисбатан жуда кам ёки деярли йўқ. Яъни чорваси борларда ер йўқ, ери борларда чорваси йўқ. Улар ерни кимларгадир вақтинча ижарага бериб фойдаланяпти. Буёқда ҳақиқий чорвадорлар эса озуқа етиштиришда қийналишади. Бу борадаги муаммоларни бартараф этиш ва ер ажратишда адолатли тақсимот қилиш, чорвачилик хўжаликлари ва уларнинг ер майдонларини атрофлича ўрганиш мақсадга мувофиқ.
Муҳтарама Комилова, ЎзА