Чортоқлик чемпионлар мамлакат ифтихори
Инсон ҳаёти давомида спортнинг қайси тури бўлмасин соғлом ҳаёт кечиришида муҳим омил саналади. Шу билан бирга, айниқса, ёш авлод вакилларини қатъият, маҳорат ҳамда орзулар рўъёби йўлида интилиш бобида чиниқтириш асносида, улкан муваффақиятларни забт этишга ундайди.
Наманган вилояти Чортоқ туманидаги 29-сонли умумтаълим мактабида жисмоний тарбия фани ўқитувчиси, халқаро тоифадаги спорт устаси Нуриддин Сотиболдиев спортнинг шарқона яккакураш турига кирувчи универсал жанг йўналишида ёшларга спорт сирларини ўргатиб келмоқда. Бугунги кунда 120 нафардан зиёд ўқувчи тажрибали мураббий қўл остида машғулотлар олиб бормоқда.

Устоздан сабоқ олган спорт усталаридан 16 нафари Туркия жумҳурияти, Россия Федерацияси, Озарбайжон, Грузия каби давлатларда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида, яна 21 нафари Осиё чемпионати ҳамда 150 нафари эса Ўзбекистон чемпионати мусобақаларида ғолиблик шоҳсупасига кўтарилишган. Қувонарлиси шундаки, жорий йил Нуриддиннинг олти нафар шогирди олий таълим муассасаларига имтиёзли равишда талабаликка қабул қилинди.


Мард ва жасур ўғлонлар камолга етаётган ўқув даргоҳига Давлат хавфсизлик хизмати Наманган вилояти бўйича бошқармаси томонидан 750 миллион сўмлик спорт инвентарлари тақдим этилган. Кўрсатилаётган бундай эътибордан руҳланган спортчилар ғамхўрликларга муносиб ғалабалар билан жавоб қайтариш мақсадида шу йил Озарбайжоннинг Боку шаҳрида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига қизғин тайёргарлик кўрмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.