Чўқай Кўчар: Ватанга садоқат масофа билмайди
Туркиядаги ўзбек жамоатчилиги орасида миллий маданиятни асраб-авайлаш, ватандошларни бирлаштириш ҳамда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида самарали фаолият юритиб келаётган фидойи инсонлар талайгина. Шундай жонкуярлардан бири юртимизнинг Фахрий маданият элчиси, “Ўзбекистон маданият, бирдамлик ва ҳамкорлик жамияти” раҳбари Чўқай Кўчардир.
Туркиянинг Адана шаҳрида туғилиб ўсган Чўқай Кўчар болалигиданоқ ўзбек тили, миллий қадриятларимиз ва аждодлар меросига ҳурмат руҳида тарбия топди. Кейинчалик жамоатчилик ишларида фаол иштирок этиб, Туркиядаги ўзбек диаспораси шаклланиши, ривожланиши ва жипслашуви жараёнида муносиб ўрин эгаллади. Бугунги кунда у нафақат Туркиядаги ўзбек жамоатчилигининг фаол вакилларидан бири, балки миллий маданиятимизни халқаро миқёсда тарғиб этиш, ватандошлар ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва ёш авлодда миллий ўзлик туйғусини сақлаб қолиш йўлида хизмат қилиб келаётган жамоат арбоби сифатида ҳам эътироф этилади. Биз Чўқай Кўчар билан Туркиядаги ўзбеклар ҳаёти, миллийлигимизни асраш масалалари, диаспора олдида турган вазифалар ҳамда Ўзбекистон – Туркия муносабатларининг маданий йўналиши ҳақида суҳбатлашдик.

– Чўқай ака, аввало, ўзингиз ва жамоатчилик фаолиятингиз ҳақида ўқувчиларимизга қисқача маълумот берсангиз.
– Мен Туркиянинг Адана шаҳрида туғилганман. Ота-онам асли Ўзбекистоннинг Марғилонидан. Болалигимдан миллий қадриятларимиз ва аждодларимиз меросига ҳурмат руҳида тарбияландим. Анча йилдан бери Туркиядаги ўзбек жамоатчилиги манфаатини ҳимоя қилиш, миллий маданиятимизни тарғиб этиш ва ватандошларимизни бирлаштириш йўлида фаолият юритиб келяпман.
– Туркияда туғилиб ўсган ўзбек сифатида она тили ва миллий ўзликни сақлаб қолишнинг асосий омили нимада, деб ўйлайсиз?
– Менимча, бунинг энг муҳим омили оила. Биз вояга етган даврда бугунгидек интернет ёки ижтимоий тармоқ йўқ эди. Она тилимиз, миллий анъаналаримиз ва қадриятларимизни аввало ота-онамиздан ўргандик. Шунинг учун ҳам миллатнинг биринчи мактаби оила, деб ҳисоблайман. Агар хонадонда тил ва миллий руҳ сақланса, миллат ҳеч қачон ўзлигини йўқотмайди. Шўролар даврида юртимиз ҳақида ахборот олиш жуда мушкул, биз учун Ватан ҳақидаги кичик хабар ҳам катта байрам эди. Аданада биргина ҳамюртимизни кўришга зор эдик. Ҳатто, халқаро кўргазмаларга диёримиздан келган меҳмонлар билан бир неча дақиқа суҳбатлашиш учун Измирга борардик ва юртимизга боргандек қувонардик. Ўша йиллари Аданада яшовчи туркистонликлар мунтазам равишда йиғилиб, миллий урф-одатларимиз, анъаналаримиз ва қадриятларимизни сақлаб қолишга қаратилган тадбирлар ўтказардик. Эсимда, талабалигимда туркий халқлар мусиқаси ва халқ рақсларини тарғиб қилувчи гуруҳ ташкил қилдик. Туркиянинг турли шаҳарларида концерт дастурлари намойиш этиб, ўзбек, қирғиз, қозоқ ва бошқа қардош халқларнинг бой маданий меросини кенг тарғиб қилдик. Демак, фаолиятим болалигимданоқ бошланган, десам муболаға бўлмас.
– Туркияда Наврўз байрамини оммалаштириш жараёни осон кечмагани ҳақида кўп гапирилади...
– Ҳа, бугун Наврўз Туркиянинг кўплаб шаҳарларида кенг нишонланади. Бундан 20-30 йил аввал эса вазият мутлақо бошқача эди. Биз, яъни туркистонлик жамоат ташкилотлари, Наврўзни кенг нишонлаш ташаббуси билан чиқиб, Ўзбекистондан санъаткорлар ва ижодкорларни таклиф қилдик. Миллий таомлар, халқ ўйинлари ва маданий дастурлар орқали қадимий байрамимизнинг асл моҳиятини кенг жамоатчиликка танитишга ҳаракат қилдик. Кейинчалик бу тадбирлар анъанавий тус олди ва бугунги кенг қамровли анжуманларга асос бўлиб хизмат қилди.
– Бугунги кунда Туркиядаги ўзбек диаспорасининг ўзига хос хусусияти нимада?
– Туркиядаги ўзбек жамоатчилиги бир неча тарихий миграция тўлқини натижасида шаклланган. Жамоанинг илк қатлами ХХ аср ўрталарида Шарқий Туркистон, Афғонистон ва Покистон орқали келган ўзбек муҳожирларидан иборат бўлса, кейинчалик тинимсиз уруш оқибатида Туркияга кўчиб ўтган афғон ўзбеклари диаспорани тўлдирди. Ўлкамиз мустақилликка эришгач, жамоатчилигимиз сафига таълим, савдо-сотиқ, тадбиркорлик ва меҳнат фаолияти мақсадида келган янги авлод қўшилди. Бугунги Туркиядаги ўзбек диаспораси турли тарихий тақдир ва ҳаётий тажрибани ўзида мужассам этган йирик, ранг-баранг жамоат.
– Бу хилма-хиллик бирлашиш жараёнига қандай таъсир кўрсатади?
– Тўғри, турли даврларда шаклланган қатламлар ўртасида муайян тафовут мавжуд. Қувонарлиси, сўнгги йилларда умумий миллий манфаат ва қадриятларимиз атрофида бирлашиш жараёни сезиларли даражада кучайди. Хусусан, Этноспорт каби йирик халқаро лойиҳалар турли қатлам вакилларини бир майдонда жамлаб, бирликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Энг йирик лойиҳалар давлатларимиз томонидан амалга оширилмоқда.
– «Ўзбекистон маданият, бирдамлик ва ҳамкорлик жамияти» фаолиятининг асосий мақсади нима?
– Асосий фаолиятимиз Туркияда истиқомат қилаётган ватандошларимизга ёрдам бериш, миллий маданиятимиз ва қадриятларимизни асраб-авайлаш, шунингдек Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат. Жамиятимиз 2022 йил март ойида ташкил этилган. Шундан буён Туркияга ўқиш, меҳнат қилиш ёки тадбиркорлик билан шуғулланиш учун келган ватандошларимизга маслаҳат ва ахборот кўмаги бериб келамиз. Шунингдек, икки қардош мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, мамлакатимизга сармоя жалб этишга кўмаклашиш жараёнида ҳам фаолмиз. Маданий-маърифий соҳада эса миллий байрамлар, давра суҳбатлари, учрашувлар ва бошқа турли тадбирлар ташкил этиш орқали ўзбек тили, маданияти ва миллий қадриятларини кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Бу юртда муқим яшаётган ўзбек оилалари фарзандларининг она тили ва миллий меросимизга қизиқишини ошириш ҳам устувор вазифамиз ҳисобланади.
– Туркиядаги ўзбеклар манфаатини ҳимоя қилишда Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари, хусусан Истанбул шаҳридаги Бош консулхона билан ҳамкорлик қай даражада йўлга қўйилган?
– Бугунги кунда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси Туркияда яшаб, меҳнат қилаётган ва таҳсил олаётган ватандошларимиз учун муҳим таянч муассасасидир. Дипломатлар фуқароларимиз ҳуқуқи ва қонуний манфаатини ҳимоя қилиш, уларга консуллик хизмати кўрсатиш ҳамда турли ҳаётий вазиятларда амалий ёрдам бериш йўлида самарали ишлаб келмоқда. Жамиятимиз Бош консулхона билан яқин ва самарали ҳамкорликни йўлга қўйган. Миллий байрамларимиз, хусусан Наврўз ва Мустақиллик айёми муносабати билан ўтказиладиган маданий-маърифий тадбирлар, ватандошлар билан учрашувлар ва бошқа жамоатчилик лойиҳалари жипслигимизнинг амалий ифодасидир. Бош консул Шерзод Абдухолиқов раҳбарлигидаги жамоа ватандошлар билан очиқ мулоқотни мустаҳкамлаш, уларнинг муаммоларига ечим топиш, миллий бирлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини кучайтириш ҳамда жамоатчилик ташаббусларини қўллаб қувватлаш борасида изчил фаолият олиб бормоқда. Бундай саъй-ҳаракатлар Туркиядаги ўзбек жамоатчилигини янада жипслаштиришга хизмат қилади.
– Сизга берилган “Ўзбекистоннинг Фахрий маданият элчиси” унвони қандай аҳамиятга эга?
– Бу унвон мен учун юксак эътибор ва улкан масъулиятдир. Мен ушбу эътирофни шахсий муваффақият сифатида эмас, балки Туркияда миллий маданиятимизни сақлаш, тарғиб қилиш йўлида собит барча фидойи инсонлар фаолиятига берилган юқори баҳо сифатида қабул қиламан. Ҳа, инсон қаерда яшамасин, унинг қалби Ватан билан бирга уради. Тил, маданият ва миллий қадриятлар эса авлодларни бир-бирига боғлаб турадиган бебаҳо меросдир. Шу бойликни асраш ва келажак авлодларга етказиш барчамизнинг умумий вазифамиздир. Миллий бирдамлик ва Ватанга садоқат эса ҳар қандай масофадан устун турадиган беқиёс кучдир.
Нодира Қаюмова, ЎзА
Истанбул, Туркия