“Чўлқувар”: обод маҳаллада одамлар кайфияти ҳам ўзгача бўлади
Кейинги йилларда мамлакатимизда маҳаллаларни комплекс ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратишга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Бу жараёнлар Қарши шаҳрининг оғир тоифадаги Чўлқувар маҳалласида ҳам ўзининг амалий ифодасини топди. “Обод маҳалла – обод кўча – обод хонадон” тамойили асосида ҳудудда амалга оширилган кенг қамровли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари маҳалла қиёфасини тубдан ўзгартирди.
Маҳаллада 66 та кўп қаватли уй, 2 минг 561 та хонадонда қарийб 7 минг 845 нафар аҳоли яшайди. Шунингдек, ҳудудда умумтаълим мактаби, иккита мактабгача таълим ташкилоти, 128 та савдо дўкони, 24 та умумий овқатланиш маскани ва жами 243 та турли хизмат кўрсатиш объекти фаолият юритади. Шу боис амалга оширилган ҳар бир ўзгариш минглаб инсонлар ҳаётида ўз аксини топмоқда.
Ободонлаштириш ишлари, аввало, кўп қаватли уйларнинг ташқи кўриниши ва муҳандислик тармоқларини яхшилашдан бошланди. 25 та уйнинг фасади тўлиқ таъмирланди, 11 тасида канализация тизими янгиланди, яна 11 та уй олдидаги кириш йўлаклари бетонлаштирилди. 18 та уйнинг 108 та подъезди таъмирланиб, 9 та уйнинг фрамуга ойналари замонавий пластик ромларга алмаштирилди. Олтита уйнинг ертўла қисми тозаланиб, муҳандислик-коммуникация тармоқлари тартибга келтирилди.
Маҳалла аҳолиси бу ўзгаришларни мамнуният билан қарши олмоқда.
– Илгари уйимиз олдидаги йўлаклар ёмғир ёққан кунлари лой бўлиб кетар, кечқурун ёритиш ҳам етарли эмасди. Энди эса ҳамма жой озода, йўлакларда бетон қилинган, кечаси кўча чироқлари ёниб туради. Болаларимиз ҳам хавфсиз ўйнаяпти. Энг муҳими, одамларнинг маҳаллага муносабати ўзгарди, – дейди маҳалла фуқароси Мавлуда Раҳимова.
Ҳудуднинг экологик муҳитини яхшилаш мақсадида 10 та кўп қаватли уй атрофида янги яшил ҳудудлар барпо этилди, манзарали дарахт ва гуллар экилиб, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Тўққизта уй олдида умумий майдони 2 минг 40 квадрат метр бетон йўлаклар қурилди. 300 метр пиёдалар йўлаги фойдаланишга топширилди, яна 600 метр йўлак қурилиши давом этмоқда.
Маҳалланинг меъморий қиёфаси ҳам замонавий тус олди. Тўртта кўп қаватли уй деворларида миллий қадриятлар ва эзгу ғояларни акс эттирувчи деворий расмлар чизилди. Аҳоли дам олиши учун ўриндиқлар ўрнатилди, еттита уй олдига суғориш тармоқлари ётқизилди. Шу билан бирга, 13 та тадбиркорлик объектининг ташқи кўриниши ҳам янгиланди.
– Маҳалламиз аввалги ҳолат билан ҳозирги қиёфасини таққослаб бўлмайди. Янги дам олиш масканлари, гулзорлар, деворий расмлар нафақат маҳаллага чирой бағишлади, балки ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун ҳам имконият яратди, – дейди фуқаролардан бири Шавкат Қурбонов.
Хавфсизлик масаласи ҳам алоҳида эътибор марказида бўлди. Ҳудудга 205 та кузатув камераси ўрнатилиб, профилактика инспекторининг ягона назорат тизимига интеграция қилинди. Уларнинг олтитаси юзни аниқлаш (Face ID), бештаси эса автотранспорт воситаларининг давлат рақам белгиларини автоматик таниб олиш имкониятига эга замонавий “ақлли” камералардир.
Маҳаллада Ёшлар боғи ҳамда аҳоли дам олиш маскани ташкил этилгани эса турли ёшдаги фуқаролар учун яна бир қулайлик бўлди.
Муҳандислик-коммуникация тармоқларини модернизация қилиш ишлари ҳам кенг кўламда амалга оширилди. Учта трансформатор пункти мукаммал таъмирланди, яна биттаси ҳамда 900 метр электр кабели янгиланди. 18 та кўп қаватли уйнинг ички электр тармоқлари реконструкция қилиниб, кириш йўлакларига 700 та ҳаракат сезгили шифт чироғи ўрнатилди. Ҳудуд 95 та қуёш панелли кўча чироғи билан ёритилди.
Газ таъминоти тизимида 11 та газ тақсимлаш пункти капитал таъмирланди. Эскирган тўртта газ тақсимлаш пункти замонавий икки босқичли тизим билан алмаштирилди, 6,4 километр газ қувурлари тартибга келтирилиб, бўялди. Алоқа кабеллари қайта жойлаштирилиши натижасида интернет сифати ҳам сезиларли даражада яхшиланди.
Ичимлик суви ва оқова сув тизимларини такомиллаштириш доирасида аҳоли томонидан ўзбошимчалик билан қурилган 13 та сув ҳовузи демонтаж қилинди. Олтита кўп қаватли уйнинг ички сув тармоқлари тартибга келтирилди, саккизта оқова сув қудуғи махсус қопқоқлар билан жиҳозланди.
– Илгари коммунал хизматлар билан боғлиқ айрим муаммолар тез-тез учрарди. Ҳозир электр, сув ва газ таъминотида барқарорлик сезилмоқда. Энг муҳими, маҳалламизда тартиб ва озодалик қарор топди, – дейди маҳалла оқсоқолларидан бири Абдуқаҳҳор Эгамбердиев.
Чўлқувар маҳалласида амалга оширилган мазкур ишлар нафақат ҳудуднинг ташқи қиёфасини ўзгартирди, балки муҳандислик инфратузилмасини мустаҳкамлаш, хавфсизликни таъминлаш ва аҳоли турмуш сифатини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда. Бу каби эзгу ташаббуслар маҳаллаларни ҳар томонлама ривожлантириш, инсон қадрини юксалтиришга қаратилган давлат сиёсатининг амалий ифодаси бўлиб хизмат қилмоқда.
[gallery-30198]
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари