Чўлпонота саммити Марказий Осиёда нимани ўзгартиради?
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи икки давлат муносабатида янги босқични бошлаб бериши шубҳасиз. Бишкек саммити якуни нафақат ўзаро алоқа юқори босқичга кўтаради, балки бутун Марказий Осиёда шаклланаётган ўзгача сиёсий муҳитни ҳам намоён этади. Анжуманнинг асосий натижаси сифатида Иттифоқчилик муносабати тўғрисидаги шартнома имзоланиши мавжуд ҳамкорликни тизимли, узоқ муддатли асосда ривожлантиришга мўлжалланган.
Халқаро амалиётда иттифоқчилик давлатлараро муносабатнинг энг юқори даражаларидан бири ҳисобланади. Бу мақом стратегик шерикликдан фарқли ўлароқ, ташқи сиёсий қарашни мувофиқлаштириш, хавфсизлик соҳасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, иқтисодий шерикликни чуқурлаштириш ва йирик инфратузилма лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши сифатида Марказий Осиёга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тошкент қўшни давлатлар билан муносабатни босқичма-босқич иттифоқчилик даражасига кўтариш орқали минтақада ишонч ва барқарорлик муҳитини шакллантиришга интилмоқда.
Бу жараён изчил тус олди. Эътибор беринг, Республикамизнинг иттифоқчилик харитасида илгари фақат Россия (2005 йил) бор эди. Кейинчалик бу сафга Қозоғистон (2022 йил), Тожикистон (2024 йил) ва Озарбайжон (2024 йил) қўшилди. Шу маънода Қирғизистон билан эришилган келишув Марказий Осиёда ўзаро ишончга асосланган муносабатни янада мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамдир. Буни расмий Тошкентнинг минтақавий манзарани ичкаридан мустаҳкамлашга қаратилган стратегияси сифатида баҳолаш мумкин.
Ўзбекистон – Қирғизистон ҳамкорлигининг бугунги ҳолати бир неча йил аввалги вазиятдан кескин фарқ қилади. Аввал чегара, анклавлар, сув ресурси билан боғлиқ масалалар ўзаро муносабатга салбий таъсир кўрсатиб келган. Бугун эса айни йўналишлар шерикликнинг асосий устунига айланди. Демак, сиёсий мулоқот ва ўзаро ишонч энг мураккаб муаммоларни ҳам ҳал қилишга қодир экан.
Албатта, ҳар қандай иттифоқчилик мустаҳкамлиги иқтисодий асосга боғлиқ. Охирги йилларда ўзаро савдо миқдори изчил ўсиб, 2025 йил якунида 1,2 миллиард долларга етгани ижобий ўсиш суръатини намоён этмоқда. Энди бу кўрсаткични 3 миллиард долларга етказиш мақсадига эришиш учун саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, энергетика, рақамли иқтисодиёт ва инвестиция соҳаларида янги қўшма лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилади.
Транспорт соҳаси ҳамкорликнинг энг муҳим йўналишларидан бири. "Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон" темир йўли нафақат уч давлат, балки бутун Марказий Осиё логистика харитасини ўзгартириш салоҳиятига эга. Узунлиги 532,53 км (312 километри Қирғизистон ҳудудидан ўтади), умумий қиймати 4,7 миллиард долларни ташкил этувчи ушбу йўлак минтақага янги транзит имкониятини очиб, Жанубий Кавказ (Транскаспий маршрути) ва Жанубий Осиё (Трансафғон темир йўли) лойиҳалари билан қўшилиб, Шарқ ва Ғарб ўртасидаги юк ташиш занжирида Марказий Осиёнинг аҳамиятини янада ошириши аниқ.
Сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Трансчегаравий ресурсдан оқилона фойдаланиш ва Қамбарота ГЭС-1 қурилиши бўйича келишув минтақа энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаб, сувдан фойдаланиш бўйича ўзаро манфаатли ечим шакллантиришга хизмат қилади.
Сирасини айтганда, олий даражадаги музокара якуни Ўзбекистон ва Қирғизистон иқтисодий алоқани янада ривожлантириш, транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш ва минтақада амалий ҳамкорликни кучайтиришга тайёрлигини кўрсатмоқда.
Яна бир муҳим жиҳат. Чўлпонота тадбирлари Марказий Осиёда кузатилаётган шерикликнинг мутлақ янги босқичи ҳақидаги халқаро эътирофни яна бир бор тасдиқлайди. Зеро, минтақамиз давлатлари ўртасидаги муносабатлар энди рақобат эмас, ҳамкорлик мантиғи асосида қурилмоқда. Бу анъана транспорт, энергетика, савдо ва хавфсизлик соҳаларига умумий ёндашув шакллантиришга замин яратмоқда. Глобал геосиёсий рақобат кучайиб бораётган бугунги шароитда айнан минтақавий ҳамжиҳатлик давлатларимизнинг ташқи таъсирга нисбатан барқарорлигини ошириши шубҳасиз.
Сўнгги йилларда минтақада кузатилаётган тенденция табиий равишда яна бир саволни юзага чиқаради: Марказий Осиёда иттифоқчилик муносабатининг кейинги босқичи қандай кечади? Ҳозирча икки томонлама келишувлар мустаҳкамланмоқда. Эртага умумий манфаатга асосланган, иқтисодий жиҳатдан ўзаро боғлиқ ва ташқи сиёсатда бир-бирини қўллаб-қувватлай оладиган кўп томонлама мувофиқлаштириш механизми шаклланиши эҳтимоли яқин.
Марказий Осиёда ўзаро ишонч мустаҳкамланиб, иқтисодий боғлиқлик ва инфратузилма уйғунлашуви шу суръатда давом этса, бугунги икки томонлама иттифоқчилик шартномалари келажакда минтақанинг янги институционал қиёфасини шакллантириши мумкин. Бишкек саммити айни жараённинг навбатдаги босқичи сифатида тарихга кирса, ажаб эмас.
Мухтор Назиров,
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси доценти,
сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори