Чўлпон издошлари Андижонда жам бўлди
Андижонда “Чўлпон издошлари” анъанавий республика ёш ижодкорлар семинари бўлиб ўтди.
Абдулҳамид Чўлпон жамоат фонди томонидан Ўзбекистон Ёзувчилар ҳамда Журналистлар уюшмаси вилоят бўлимлари билан ҳамкорликда ўтказилган семинарда мамлакатимизнинг турли вилоятларидан ташриф буюрган ижодкор ёшлар назм, наср, публицистика ва болалар адабиёти йўналишларидаги ижодий ишлари билан иштирок этди.


– Ушбу семинар энг аввало, ижодкор ёшларни бир даврага жамлади, уларга ўзаро ижодий тажриба алмашиш имконини берди, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилоят бўлими раҳбари Хуршида Ваҳобжон қизи. – Анъанага айланган ушбу семинарга тақдим этилган ижодий ишларнинг кўп қисмини жадид боболаримизга бағишланган асарлар ташкил этади. Ёш ижодкорларнинг улуғ аждодларимиз ҳаёти, ижоди, илмий ва адабий меросини тарғиб этишга бўлган интилиши, иштиёқи юқори эканлиги эътиборга молик.
Семинар давомида жадид боболаримиз хотираси ёд этилди, Чўлпон ижодининг миллий адабиётимиздаги ўрни ва аҳамияти хусусида атрофлича сўз юритилди.


Таниқли ижодкорлар, адабиётшунослар томонидан ёш ижодкорларнинг ижодий ишлари таҳлил қилинди. Ютуқ ва камчиликлари хусусида фикр, мулоҳазалар билдирилди.
Чўлпон, умуман, жадид боболаримиз ижодий меросини ўрганиш ва тарғиб этишга хизмат қилган семинар якунида фаол иштирокчиларга Чўлпон жамоат фонди томонидан сертификат ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари