Чўлни бўстонга айлантирган сувчилар
Фарғона вилоятининг Қўқон атрофи туманлари ҳудуди вилоят миқёсида сув тақчил экин ерлари сирасига киради. Шундай бўлсада, экинлар ўз вақтида суғорилмоқда. Ҳаво ҳарорати 40-43 даражадан ошаётган кунларда бунга эришиш ниҳоятда қийин. Ахир бу худудлар 92-95 фоиз сувни четдан олади, чунки тоғлар жуда кам, борининг ҳам қори тез эриб кетади. Ҳар қатра сувни исроф бўлмаслигини таъминлашда эса сувчилар тиним билмайди.
Сувчилар деганимизда вилоят сув тармоғи бўлган Сирдарё-Сўх ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси тасарруфига кирувчи барча тизим ирригаторлари, мелиораторлари, сув истеъмолчилари уюшмаси мироблари ва бошқа кўплаб бошқарма, бўлим ва бўлинмаларнинг жамоалари тушунилади. Уларда бугун асло тиним йўқ, сув ёқалаб юрган сув ходимларининг машаққатли меҳнатини унча-бунча одам қилолмайди, десак муболаға бўлмас.
Вилоятнинг Ўзбекистон, Фурқат, Данғара туманларига қарашли бир қисм ерлар Қолгандарё чўллари ҳудудида жойлашган. Бу чўллар ўзлаштирилаётганда шу туманларнинг ерга ташна деҳқонлари Сирдарёнинг тепа соҳилидаги қақраб ётган ерларни серҳосил далаларга, гуллаган боғу бўстонга айлантириш учун ғайрат қилиб, ўз мақсадларига эришди. 1965 йилда Сирдарёдан сув олиб тепаликка ташловчи “Абдусамат” (“Фурқат-1”) насос станцияси қурилди. Қақроқ ерларнинг бағри яшнади, одамлар сув чиқарилгани учун ўз жойларидан шу чўллар яқинига кўчиб кела бошладилар.
Орадан неча йиллар ўтган бўлса, шу йиллар ичида Қолгандарё чўлларини обод қилганлар ҳам камолга етди. Ерлардан олинадиган ҳосилдорлик ҳам бир неча бараварга ошди. Ерга ер, элга эл қўшилди. Янги маҳаллалар барпо бўлди, иморатлар қурилди. Ҳозир ким билан гаплашманг, аввало чўлга сув чиқарганларга, заҳматкаш миробларга раҳмат дейди.
Фурқат тумани маркази Навбаҳор шаҳарчасига уч чақиримча етмасдан ўнг томонга бурилиб, йигирма километрлик йўлдан юриб “Фурқат – 1”, (аввалги “Абдусамад”) насос станциясига етиб боргунча атрофдаги деҳқончилик маданиятига амал қилиш натижасида вужудга келтирилган гўзал манзарани кўриб ҳавасингиз келади. Бу ерни кўрганлар сира чўл демаса керак, йўллар равон, дала қирғоқларида тут ва бошқа дарахтлар ўсиб турибди. Ҳатто коллектор ёқаларини ҳам бўш қолдирмаслик чоралари кўрилган. Ўтган йили ҳам Қолгандарё чўлларида деҳқончилик қилган фермерлар коллектор, йўл, ариқ ва зовур ёқаларига ошқовоқ, маккажўхори экиб, ундан яхшигина даромад ҳам кўришган.
[gallery-3042]
– “Фурқат-1” насос станцияси 2013-2016 йилларда қайта реконструкция қилинган эди, - дейди Сирдарё-Сўх ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги насос станциялари ва энергетика бошқармасининг Фурқат тумани бўлими бошлиғи Иброҳим Қодиров. – Кучли қувватга эга бўлган насослар Япониянинг “Кубота” фирмасидан, двигателлари Жанубий Кореядан олиб келинган. 13 минг гектар ерни суғоради, умумий сув кўтариб бериш қобилияти 20 метрни ташкил қилади. Манбаи Сирдарё суви ҳисобланади. Ҳозирги кунда дарёда сув камайгани сабабли ҳар бири секундига 4 куб метр сув чиқарадиган бешта катта двигателнинг иккитаси ишлатилмоқда.
Двигателлар бўлимида япон двигателлари бир маромда ишлайди. Шу ернинг ўзидаёқ бир неча метр баландликка сув чиқарилиб, бетон каналига тўкилмоқда.
– Станциямиз уч туманнинг Қолгандарё массиви унга туташган 13 минг гектар ердаги экинзорларни сув билан таъминлайди, - деди “Фурқат 1” насос станцияси бошлиғи Музаффар Абдуғаниев. – Ҳозир эса 11 минг 800 гектар ерга сув беряпмиз. 3000 аҳоли томорқалари ҳам бизнинг насосларимиз сувидан тўйинади. Бугунги вегетация даврида Данғара тумани 1300 гектар, Ўзбекистон тумани 5 минг гектар, Фурқат тумани 5,5 минг гектар ерга сув олаётир. Бундан ташқари Қўқон ўрмон хўжалигининг Абдусамад бўлими ва 10 та балиқчилик хўжалиги ҳам насослар сувидан фойдаланмоқда. Сув таъминотида узилишларнинг олдини олиш, исрофгарчиликка йўл қўймаслик бизнинг асосий мақсадимиз.
Муқимжон ҚОДИРОВ ( сурат), ЎзА