Чирчиқ шаҳри қиёфаси янгиланмоқда
Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида анча йиллардан буён бирорта ҳам кўп қаватли уй-жой қурилмаган эди. Кейинги йилларда шаҳар қиёфаси тубдан янгиланди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Чирчиқда ўнлаб замонавий, зилзилабардош ва энергия тежамкор кўп қаватли уй-жойлар бунёд этилди. Хусусан, 2017-2019 йилларда биргина “Ўзшаҳар қурилиш инвест” компанияси давлат дастури асосида уй-жойга эҳтиёжманд оилалар учун шаҳарда 18 та 7 қаватли тураржойни қуриб, фойдаланишга топширди. 2020 йилда қурилиши бошланган 2 та 16 қаватли турар жой эса нафақат Чирчиқ, балки вилоятда ҳам ўзига хос янгилик бўлди.
Қайд этиш керакки, мазкур уйлар қуйма темирбетон конструкция ҳисобланади. Ҳар бир хонадон тўлиқ газлаштирилган ва индивидуал иситиш тизимига эга. Хонадонлар мўътадил иқлимини сақлаши учун бино ташқи деворлари базальт минерал плитаси билан қопланган. Бинода иккитадан замонавий юк кўтариш лифти ўрнатилган. Энерготежамкор уйларда рақамлаштирилган технологиялар кенг қўлланилган бўлиб, ёнгин хавфсизлиги, хавфсизлик чоралари нанотехнологияга асосланган ҳолда ишлаб чиқилган.
Айни пайтда мазкур уйларда қурилиш ишлари тўлиқ якунланиб, фойдаланишга топширилди. Ушбу уйлар аҳолига 20 йиллик ипотека кредитлари асосида берилди. Ҳозирда ҳудудда яна 2 та ҳар бири 80 хонадонли 16 қаватли уйлар бунёд этилаётган бўлиб, тез кунларда тайёр ҳолда фойдаланишга топширилади.
ЎзА