Чинакам ислоҳотлар юрт фаровонлиги демакдир
Мустақиллик йилларига турли хил ракурслардан назар ташласак, ўтган йилларнинг ўз муаммоси ва ютуқлари номаён бўлади. Ўтган ва ўтаётган кунларимиз гоҳида ютуқ, гоҳида муаммолари билан эсда қолади.
Жамиятнинг барча жабҳаларидаги камчилик ва хатоларимизга назар ташлаб гоҳида хулоса чиқарсак, гоҳида узоқ йиллик истиқболли режаларимизга замин ҳозирлаймиз.
Бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида олиб борилаётган истиқболли ислоҳотларнинг таг замирида, назаримда ана шундай хулосалар мужассам. Яъники, кечаги куннинг хатоларидан оқилона хулоса чиқарилиб, ўз вақтида замирида инсон тақдири турган одилона қарорлар қабул қилинаяпти. Давлат идоралари инсоннинг қадрини кўтариш, ижтимоий адолат ва аҳолини рози қилиш тамойили асосида иш юритишга ўтганлиги муҳтарам юртбошимиз бошлаб берган ислоҳотларнинг дастлабки босқичидир.
Дейлик, ветеринария ва чорвачилик соҳасида сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб негизида аҳолини сифатли ва арзон гўшт-сут маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашдек улуғ мақсадлар ётибди.
Биргина мисол, давлатимиз раҳбарининг соҳага эътибори туфайли жорий йилнинг шу кунига қадар қорамолчилик йўналишидаги йирик лойиҳалар ишга туширилиб, қуввати 100 бошдан 300 бошгача бўлган хўжаликлар 1 минг 124 тани, 300-500 бош бўлган хўжаликлар 460 тани, 500 бошдан 1000 бошгача бўлган хўжаликлар сони 256 тани, 1000 бош ва ундан юқори бўлган хўжаликлар сони 136 тани ташкил этди.
Республикамизда айни пайтда жами 17 минг 66 та чорвачилик хўжаликлари мавжуд бўлиб, шундан қорамолчилик йўналишида 7 минг 48 та, қўй ва эчкичиликда 3 минг 263 та, йилқичилик 142 та, туячилик 52 та, паррандачилик 1 минг 163 та, балиқчилик 4 минг 829 та, асаларичилик 415 та ва қуёнчилик йўналишларида 154 тани ташкил этади.
Жорий йилнинг шу пайтига қадар чорвачилик тармоқларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида 278 та чорвачилик субьектига 34 млрд 143 млн сўм субсидия ажратилди.
Шундан импорт қилинган наслли қорамоллар учун 209 та чорвачилик субьектига 9956 бош мол учун 19 млрд 912 млн сўм, импорт қилинган наслли қўй-эчкилар учун 21 та фермер хўжалигига 8191 бош майда мол учун 3 млрд 291 млн сўм субсидия берилди.
Импорт қилинган бир кунлик жўжалар учун 15 та хўжаликка 699414 бош парранда учун 6 млрд 294 млн 726 минг сўм ажратилди.
Ўзимизда етиштирилган наслли қорамоллар учун 14 та хўжаликка 966 бош қорамол учун 966 млн сўм, балиқчилик хўжаликлари томонидан интенсив усулда етиштирилган балиқлар учун 19 та хўжаликка 3678 тонна балиқ учун 3 млрд 378 млн 628 минг сўм субсидия берилди.
Нафақат юртимиз, балки дунёнинг барча давлатлари учун жиддий синов палласи ҳисобланган коронавирус пандемияси даврида мамлакатимизда чорвачилик маҳсулотлари тақчиллиги юзага келмаганлигини, чорва маҳсулотлари нархи барқарорлигини ветеринария ва чорвачилик соҳасида давлатимиз раҳбари бошлаб берган ислоҳотларнинг дастлабки самараси десак хато айтмаган бўламиз.
Албатта, ҳали олдинда амалга оширадиган ишларимиз бисёр. Айни пайтда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси мутахассислари соҳага доир узоқ йилларга мўлжалланган истиқболли стратегия ишлаб чиқмоқда. Юртимизни дунёнинг чорвачилик соҳаси ривожланган давлатлар сафига олиб чиқиш борасидаги режалар хусусида изланишлар олиб бораяпти.
Яқин келажакда ана шундай истиқболли режаларимизни амалиётга татбиқ эта бошласак, давлатимиз раҳбари бошлаб берган кенг кўламли ислоҳотларга ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.
Баҳром НОРҚОБИЛОВ,
Ветеринария ва чорвачиликни
ривожлантириш давлат
қўмитаси раиси