Чин маънодаги шериклик бу – ўзаро ишонч, ўзаро масъулият ва ўзаро манфаатдир – Президент
Президент Шавкат Мирзиёев ёқилғи-энергетика соҳасидаги инвесторлар билан очиқ мулоқот ўтказмоқда.
–Биз энергетикага иқтисодиётнинг шунчаки бир тармоғи сифатида қарамаяпмиз. Бу – ўз келажагимиз ва фаровонлигимизнинг мустаҳкам таянчи. Бизга қуруқ сармоя эмас, қалбан боғланган ўзаро ишонч ва чин шериклик керак. Бугунги мулоқотимизнинг бош мазмуни ҳам шунда.
Ҳар бир янги лойиҳа ҳудудларимиздаги чинакам ўзгариш, одамларимизнинг ўз ҳаёти, ўз иши ва ўз тараққиёти учун мустаҳкам замин дегани. Шу боис, ҳамкорлигимиздаги бош тамойил битта: сизнинг инвестициянгиз мамлакатимиз тараққиётига қанчалик нур олиб кирса, юртимиздаги юксалиш сизнинг ўз муваффақиятингизга шунчалик кенг йўл очади.
Чин маънодаги шериклик бу – ўзаро ишонч, ўзаро масъулият ва ўзаро манфаатдир, – деди Президентимиз.
Давлатимиз раҳбари инвесторларнинг асосли таклифларини эшитиш, муаммоларини ҳал қилиш ва янги ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Шундан сўнг сармоядорлар билан бевосита мулоқот қилинди.
ЎзА