Чимбойлик ёшлар замонавий касбларни эгалламоқда
Қорақалпоғистон Республикасида ёшларни замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, уларнинг билим ва амалий кўникмаларини ошириш, меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Чимбой тумани техникумида ҳам бу борада муайян ишлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда таълим муассасасида 900 нафардан зиёд ўқувчи таҳсил олмоқда. Уларнинг назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамлаши учун зарур шароитлар яратилган. Хусусан, техникумда 70 ўринли ётоқхона, 150 ўринли мажлислар зали ҳамда 270 ўринли ўқув устахоналари мавжуд.
Бу ерда ёшлар автомобилларни таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш, мода ва тикув ишлаб чиқариш технологияси, мелиорация техникаларини бошқариш, компьютер графикаси ва дизайн, пайвандлаш ҳамда ёнғин хавфсизлиги каби меҳнат бозорида талаб юқори бўлган йўналишларда касб сирларини ўрганмоқда.
[gallery-32108]
Жорий ўқув йилидан техникумда миллий ҳунармандчилик анъаналарини давом эттириш ва ривожлантиришга қаратилган заргарлик йўналиши ҳам ташкил этилди. Машғулотларда тажрибали ҳунарманд Одилбой Тожимуротов ўқувчиларга миллий ва замонавий заргарлик буюмларини тайёрлаш, металлга ишлов бериш ҳамда нафис безаклар яратиш сирларини ўргатмоқда.
Таълим муассасасида ўқувчиларнинг касбий маҳорати билан бирга интеллектуал, ижодий ва жисмоний салоҳиятини юксалтиришга ҳам эътибор қаратилган. Техникум ёшлари фан олимпиадалари, спорт мусобақалари, санъат ва мусиқа йўналишидаги фестивалларда фаол иштирок этиб, совринли ўринларни эгалламоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат+видео), ЎзА