Чимбойлик ёшлар таълим ва спортда юксак натижаларга эришмоқда
Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой тумани ихтисослаштирилган мактабида ўқувчиларга сифатли таълим бериш, уларнинг интеллектуал салоҳияти ва иқтидорини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда мактабда 401 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда.
Таълим масканида ўқувчиларнинг пухта билим олиши учун кимё, биология ва физика лабораториялари, замонавий ўқув хоналари, спорт ҳамда мажлислар заллари мавжуд.
Мактаб ўқувчилари таълим соҳасида ҳам салмоқли натижаларга эришмоқда. Жорий йилда улар 460 та миллий ва 33 та халқаро сертификатни қўлга киритди. Жумладан, SAT имтиҳони бўйича 10 та, IELTS бўйича 23 та сертификат натижаси қайд этилди.
2025/2026 ўқув йилги битирувчиларнинг барчаси — 52 нафар ўқувчи олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди. Уларнинг 35 нафари давлат гранти, 17 нафари тўлов-контракт асосида талаба бўлди. Шунингдек, 14 нафар битирувчи 189 балл тўплаб, муддатидан олдин талабаликка қабул қилинди.
Мактаб битирувчилари орасида хорижий олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёшлар ҳам бор. Улар Венгриянинг Дебрецен университети, Қозоғистоннинг Ал-Фаробий номидаги университети ҳамда Туркиянинг Измир ва Истанбул шаҳарларидаги олий таълим муассасаларида билим олмоқда.
Ўқувчилар спортда ҳам ўз иқтидорини намоён этмоқда. Ш. Ережепбоева Дубай шаҳрида ўтказилган ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларида парасузиш бўйича тўртта кумуш ва битта бронза медалини қўлга киритди. Шунингдек, Париж шаҳридаги парасузиш бўйича халқаро чемпионатда биринчи ўринни эгаллади.
[gallery-31940]
Мактабда ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида фан, спорт, шахмат, футбол, робототехника, медиа ва журналистика тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган. Бу машғулотлар ёшларнинг билим ва кўникмаларини бойитиш, қизиқишларини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Эришилаётган натижалар малакали педагоглар меҳнати, яратилган шароитлар ва ўқувчиларнинг изланишлари самарасидир.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА