Чимбой туманига ҳоким тайинланди
Халқ депутатлари Чимбой тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.
Сессияда вазирликлар, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, туман ҳокими ўринбосарлари ва мутасадди ходимлар ва фаоллар қатнашди.
Сессияда Чимбой тумани ҳокими лавозимига Ещанов Насир Муратбаевични тайинлаш масаласи кўриб чиқилди. Тавсия этилган номзодни туман Кенгашнинг бир қатор депутатлари қўллаб-қувватлаб сўзга чиқди.
Сессияда Ещанов Насир Муратбаевич Чимбой тумани ҳокими этиб тайинланди.
Н.Ещанов меҳнат фаолияти давомида “Агробанк” акциядорлик тижорат банки Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича котибият мудири, Кегейли тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимларида фаолият олиб борган. У шу кунга қадар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси лавозимида ишлаб келган.
Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев иштирок этди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА