Чилида депутат 15 соатлик маъруза ўқиди
Чилида мухолиф Социалистлар партиясидан сайланган депутат Хаиме Наранхо мамлакат президенти Себастьян Пиньерага нисбатан импичмент эълон қилиш масаласига бағишланган парламент йиғилишида сал кам 15 соатли чиқиш қилди. Бу хабарни “Reuters” агентлиги тарқатган. Ҳаққонийлик нуқтаи назаридан таъкидлаш жоиз, айрим манбаларда бу рақам 13 соат, деб келтириляпти.
Маълум бўлишича, халқ ноиби ўз сўзини атайлаб, бошқа бир ҳамкасби, шу кунгача карантинда бўлиб турган Жоржо Жексон ҳам овоз бериш учун мажлисга етиб келишигача чўзишни кўзлаган. Маъруза 1300 бетдан иборат экан.
Хаиме Наранхо нутқ ирод қиларкан, уни тинглаётган бошқа депутатлар 15 ва 20 дақиқадан икки бор танаффусга чиқиб келишга ҳам улгуришди. Маърузачининг ўзи эса икки бор шифокор кўригидан ўтишига тўғри келди.
Жоржо Жексон ярим тунда ижтимоий тармоқ саҳифасида парламент биноси томон йўлга тушганини ёзди. Дарвоқе, айнан шу депутатнинг овози импичментни қўллаб-қувватлаш жараёнида ҳал қилувчи бўлиши мумкин эди. Нима бўлганда ҳам қарийб бир сутка давом этган муҳокамадан сўнг Чили қуйи палатаси давлат раҳбарига нисбатан импичмент эълон қилишга қарор қилди.
Себастьян Пиньеранинг импичменти тўғрисидаги масала "Пандора досьеси" номли ҳужжатга асосан, коррупция ҳолатидан гумонланиш туфайли кўтарилган эди. Бу материал Халқаро журналистлар текшируви консорциуми (ICIJ) томонидан эълон қилинган.