Чигит экиш ишлари қизғин бормоқда
Тошкент вилояти далаларида чигит экиш ишлари уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда.
Йил бошидан бери жойларда чигит экиладиган майдонлар хатловдан ўтказилиб, агроплатформа орқали тўлиқ рақамлаштирилди.
Шунингдек, 4 минг гектар майдонга хорижий уруғларни экиш режалаштирилган.

Жойларда ташкил этилаётган амалий семинарларда соҳа мутахассислари томонидан деҳқонларга зарур тавсиялар берилмоқда.
Бекобод туманида бўлиб ўтган семинарда ҳам Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси бошлиғи А.Воҳобов, вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари Б.Алимбеков, вилоят ФВБ бошлиғи А.Алиматов, туман ҳокими Ш.Дўсбеков ва бошқалар ердан мўл ва сифатли ҳосил олишда агротехник тадбирларни ўз вақтида бажариш борасида сўз юритди. Бу жараёнда мавжуд ресурслар, минерал ва маҳаллий ўғитлар, сувдан самарали фойдаланиш, ҳар бир деҳқон, пахтакор ва фермернинг асосий вазифаси экани айтилди. Ернинг намлиги, чуқурлиги бўйича аниқ кўрсатмалар ва тегишли маслаҳатлар берилди.

“Ўзагроинспекция”нинг Тошкент вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан ҳудудларда чигит экиш ишлари назоратга олинган. Жорий мавсумда Қуйи Чирчиқ туманидаги “TСT Agro Cluster” кластери томонидан ҳам 13 минг гектар майдонга чигит экиш режа қилинган. Шу муносабати билан бу ҳудудда ўтказилган кўргазмали семинарда мавсумолди вазифалари кўриб чиқилди.
Шу кунгача машина-трактор паркидаги қишлоқ хўжалиги техникалари таъмирланиб, экин-тикин ишларига шай қилиб қўйилган эди. Айни кунларда улардан самарали фойдаланган ҳолда ер текисланиб, пешма-пеш пушта олинган эгатларга чигит қадалмоқда.
Бу йил туманнинг тупроқ-иқлим шароитига мос бўлган ғўзанинг “С-8290”, “Бухоро-10”, “Порлоқ-4”, “Равнақ-1”, “С-9090” каби навлари, шунингдек, хориждан келтирилган янги нав экилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА мухбири