Чемпионлар ва ёшлар учрашди
Мирзаобод туманидаги Сафарбарлик чақирув резерви батальонида ёш ҳарбий хизматчилар иштирокида «Чемпион ва ёшлар» мавзусида мотивацион учрашув ўтказилди. Унда спортда юксак натижаларга эришган чемпионлар ўзларининг ҳаётий ва спорт тажрибалари билан ўртоқлашиб, ёшларни мақсад сари интилиш, қийинчиликлар олдида чекинмаслик ва ўз устида мунтазам ишлашга чақирдилар.
Тадбир Тошкент ҳарбий округи қўмондонлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши ҳамда Сирдарё вилояти Мудофаа ишлари бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Учрашувда қора белбоғ бўйича 1-Дан соҳиби, Ўзбекистон спорт устаси, Жаҳон кубоги совриндори, уч карра Осиё ва беш карра Ўзбекистон чемпиони Сардорбек Мамасолиев, Ўзбекистон спорт устаси, беш карра Ўзбекистон ва уч карра Осиё чемпиони Миржалол Аҳмадов ҳамда бошқа спорт усталари иштирок этди.

Чемпионлар ёш ҳарбий хизматчилар билан суҳбатда спортдаги илк қадамлари, машғулот жараёнида дуч келган синовлар, мусобақалардаги кечинмалари ва юқори натижаларга эришиш йўли ҳақида сўзлаб бердилар. Уларнинг тажрибаси ёшларга бир ҳақиқатни яна бир бор англатди: катта ғалабалар ортида тинимсиз меҳнат, кучли ирода ва қатъий интизом туради.

Мулоқотда спортда муваффақиятга эришиш учун истеъдоднинг ўзи етарли эмаслиги, мунтазам машғулот, сабр-тоқат, ўз устида ишлаш ва мақсадга содиқлик муҳим экани таъкидланди. Айниқса, мағлубиятдан тўғри хулоса чиқариш, қийин вазиятларда ўзини йўқотмаслик ва янги мақсадлар сари ҳаракатни давом эттириш зарурлиги ҳақида фикрлар билдирилди.

Сирдарё вилояти Мудофаа ишлари бошқармаси Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги майор Бурҳон Абдуалимов ҳам ёшлар билан мулоқотда ўзининг спортга бўлган қизиқиши, эришган ютуқлари ва ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашди. Унинг фикрлари спортнинг инсон иродаси ва феъл-атвори шаклланишидаги ўрнини очиб беришга хизмат қилди.

Учрашув давомида спорт ва ҳарбий хизматдаги муштарак жиҳатларга ҳам эътибор қаратилди. Интизом, масъулият, жисмоний тайёргарлик, матонат ва Ватанга садоқат ҳар икки соҳада ҳам муҳим фазилатлар экани қайд этилди.

Ёш ҳарбий хизматчилар чемпионларга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, спортда юқори натижаларга эришиш, руҳий барқарорликни сақлаш ва ўз имкониятларини тўғри намоён этиш борасида фикр алмашдилар.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири