Чекка ва чегараолди ҳудудларда ёт ғоялардан асрайдиган лойиҳа бошланди
Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди эълон қилган грант танловида Термиз шаҳридаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказининг “Чекка ва чегараолди ҳудудларда ёт ғояларга мойиллиги бўлган фуқароларни соғлом ҳаётга қайтариш” лойиҳаси ғолиб бўлган эди.
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси буюртмаси асосида йўлга қўйилаётган лойиҳа Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳри, Музработ, Бойсун, Сариосиё, Термиз туманлари, Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳри, Китоб, Шаҳрисабз ва Деҳқонобод туманларидаги танлаб олинган маҳаллаларда амалга оширилади.
Термиз шаҳридаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида лойиҳа бошланишига бағишлаб ўтказилган тадбирда ижодий ва ишчи гуруҳи аъзолари, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимликлари масъул ходимлари, Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди вилоят бўлими ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари онлайн ва офлайн иштирок этди.

Тадбирда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Музаффар Жониев ва бошқалар кейинги йилларда мамлакатимизда ислом дини ривожи, миллий ва диний қадриятларни тиклаш ва асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Бу йўналишда юз бераётган янгиланишларни халқаро ҳамжамият ҳам кенг эътироф этаётгани қайд этилди.
Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар буюк алломаларимизнинг мақбара ва зиёратгоҳларини тубдан қайта таъмирлаб, йирик мажмуаларга айлантирмоқда. Жойларда замонавий ва кенг сиғимли масжидлар барпо этилиб, мавжудлари реставрация қилиняпти. Диний таълим ва малакали кадрлар тайёрлаш такомиллашмоқда. Муборак ҳаж ва умра зиёратларига борувчилар учун барча қулайлик яратилди. Динни сиёсатлаштириш ёки экстремистик ғояларга қарши фақат куч билан эмас, балки “жаҳолатга қарши маърифат” тамойили асосида соф ислом маърифатини кенг ёйиш орқали кураш олиб бориш йўлини танлади.

Мазкур грант лойиҳасининг асосий асосий мақсади ҳам ёт ва зарарли ғоялар таъсирига мойил бўлган фуқароларни маънавий-маърифий қўллаб-қувватлаб, уларда соғлом дунёқарашни шакллантириш ва жамиятга мослашувини таъминлашга қаратилган. Бу жараёнда миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, ахборотни танқидий баҳолаш кўникмаларини шакллантириш, таълим ва маҳалла муҳитида ижобий маънавий-маърифий муҳитни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилади. Уларни жамиятга мослаштириш ва соғлом ҳаётга қайтаришга қаратилган комплекс реабилитация механизмлари ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилади.

Ўн бир ойга мўлжалланган лойиҳа доирасида танлаб олинган ҳудудларда 36 та тарғибот тадбири, 23 та семинар ва битта илмий-амалий семинар ташкил этилади. Аҳоли кенг қатламлари, жумладан, ёшлар ва турли ижтимоий гуруҳлар учун битта ҳужжатли фильм, битта видеоқўлланма, иккита босма қўлланма, битта рисола, 12 турдаги электрон буклет, 12 та босма тарғибот материали ва бошқа тарғибот воситалари, илмий-оммабоп мақолалар тайёрланади. Шунингдек, намунавий тақдимот материали, махсус мобил илова дастури концепцияси ва реабилитация дастури лойиҳасини ишлаб чиқиб, махсус методика яратиш ва иккита “Маънавият бурчаги” ташкил этиш кўзда тутилган.
Тадбирда давлат ижтимоий буюртмаси асосидаги 500 миллион сўмлик пилот лойиҳага старт берилди. Иштирокчиларнинг таклиф ва тавсиялари тингланиб, лойиҳа самарадорлигини янада оширишга йўналтирилган чора-тадбирлар белгиланди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири