Чекка ҳудуддаги ислоҳотлар натижаси ўрганилди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбоев Тахтакўпир туманидаги янги лойиҳалар ва фуқароларнинг қўшимча даромад олишига кўмаклашиш борасидаги ишлар билан танишди.
Дастлаб “Қораой” овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Kausar tegirmon" масъулияти чекланган жамияти корхонасининг чорвачилик лойиҳаси кўрилди. Таъкидлаш жоизки, 2025 йил давомида корхона томонидан умумий қиймати 32 миллиард сўмлик чорвачиликни ривожлантириш ва сутни қайта ишлаш лойиҳаларини амалга ошириш белгиланган. Бугунги кунда чорвачилик мажмуасига 120 бош наслли қорамол олиб келиниб, парваришланмоқда. Шунингдек, ушбу масъулияти чекланган жамиятнинг қиймати 878 минг долларлик “Жунни қайта ишлаш” лойиҳаси доирасида йўлга қўйилган ишлаб чиқариш жараёнлари, технологик ускуналар ва маҳсулот тайёрлаш босқичлари кўздан кечирилди.

Жўқорғи Кенгес Раиси ушбу ҳудудда жойлашган, Германияга экспортни амалга ошираётган “Good Salt production” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилган ош тузини ишлаб чиқариш корхонасида бўлди. Лойиҳанинг амалга оширилиши, ишлаб чиқариш қувватлари ва яратилган иш ўринлари билан яқиндан танишди.

Шундан сўнг, “Тахтакўпир” шаҳарча фуқаролар йиғини ҳудудида ташкил этилган кичик саноат зонасида бўлиб, шу ҳудудда фаолият юритаётган “Фром мебель” хусусий корхонаси томонидан ташкил этилган мебель ишлаб чиқариш цехида, “Дауқара” овул фуқаролар йиғини ҳудудида “Тахтакўпир голд текстиль маҳсулотлари” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилаётган тўқимачилик корхонаси фаолияти кўздан кечирилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 8 августдаги “Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорларга қулай шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан, ушбу инвестиция лойиҳаси учун 4,5 гектар ер майдони ажратилди. Умумий қиймати 25,4 миллион АҚШ доллари бўлган лойиҳага мувофиқ йилига 5 минг тонна ип ишлаб чиқарилиб, 11,1 миллиард сўмлик тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган. Дойиҳа тўлиқ ишга тушиши натижасида 257 та янги иш ўрни яратилади.
Туманга ташриф давомида “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Н.Файзуллаев, Н. Аметов, Ў.Темирбеков ва “Ойдин йўл” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи М. Давлетяровларнинг хонадонларида бўлиб, томорқа ер эгалари билан яқиндан суҳбатлашилди.
Ўрмон хўжалиги ер майдонлари ҳам кўздан кечирилди. Кузги дарахт экишга ерларни ва кўчатларни тайёрлаш ишларини уюшқоқлик билан олиб бориш бўйича мутасаддиларга топшириқ берилди.

Тумандаги А. Адилов овули фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Тўранғил-сой” ва “Атакўл” овул фуқаролар йиғинлари ҳудудларида жойлашган фермер хўжаликларидаги ишлар ҳам кўздан кечирилди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида сув ортиқча сарфланишининг олдини олиш, ҳосилдорликни ошириш ва замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича ишларни тизимли равишда давом эттириш лозимлиги таъкидланди.
Шу куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси раҳбарлигида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Унда дастлаб амалга оширилаётган ишлар бўйича ўрганишлар натижалари, тумандаги инвестиция лойиҳалари, ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг оилаларида амалга оширилаётган ишлар кўриб чиқилди. Шунингдек, ободонлаштириш ишлари ва иқтисодий кўрсаткичлар чуқур таҳлил қилиниб, йўлларни таъмирлаш, ижтимоий объектларни қуриш, реконструкция қилиш ишлари бўйича мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалалари таҳлил қилинди.
Маҳаллаларда фуқароларнинг қўшимча даромад олишига кўмаклашиш, уй шароитида ўзини ўзи банд қилишларига яқиндан ёрдам бериш, кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини йўлга қўйиш, имтиёзли кредит маблағлари ажратиш каби муҳим ишлар танқидий кўриб чиқилди.
Мажлис давомида таъкидланган камчиликларни бартараф этиш бўйича масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Йиғилишда ўз вазифасини бажаришда хато-камчиликларга йўл қўйгани учун туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Шунингдек, айрим раҳбар ва мутасаддиларга интизомий жазо чораси қўллаш, ўз вазифасига совуққонлик билан қараганларнинг лавозимига лойиқлиги масаласини кўриб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири