Чекка ҳудудда янги иш ўринлари
Бухоро вилояти Олот туманида умумий қиймати 35 миллиард сўмга молиялаштирилган лойиҳа туфайли “Buxoro Gold Star Moto” масъулияти чекланган жамият шаклидаги корхонада 60 нафардан ортиқ ишчи ўрни яратилмоқда.
Бу транспорт воситалари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, дала-деҳқончилик ишларида, жумладан, иссиқхоналарда етиштирилган маҳсулотлар ва бошқа юкларни ташишда қулайлиги ва кам ёнилғи сарфи билан аҳамиятли.

Вилоятда ижтимоий муҳофазага олинган оилалар, ишсиз фуқароларга юк мотоцикллари имтиёзли кредит маблағи асосида расмийлаштирилиб берилаётгани ҳам уларни ишлаб даромад топишларида муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда.
Йиғиладиган уч ғилдиракли юк ташиш мотоциклларининг асосий қисмлари цехларда тайёрланади. Албатта, юк мотоциклларига мамлакатимизда талаб ошиб бораётган бир пайтда “Buxoro Gold Star Moto” бу эҳтиёжни қоплашга хизмат қилади. Зеро, бугун маҳалла ва қишлоқларда юк автомобилларининг турли муқобил вариантлари кўпайиб бораётгани турдош корхоналар рақобатини кучайтириши тайин.

– Ҳозирда лойиҳамизнинг иккинчи босқичига ўтдик, яъни қурилиш ишларини якунлаяпмиз, – дейди МЧЖ таъсисчиси Эломон Қувватов. – Бунда дастлаб йиғиладиган шоссе, борт, рессор ва бошқа бутловчи қисмлар цехларини ишга туширмоқдамиз. Бизда барқарор иш туфайли ишчи-мутахассисларга 3 миллион сўмдан 5 миллион сўмгача маош тайинланган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.